Референдумга бефарқ бўлмаган ёшлар Жомбойда жам бўлди

Жомбой туманида “Конституция меники, сеники, бизники! Конституция ўзимизники!” шиори остида тарғибот тадбири ўтказилди.

Унда мамлакатимиздаги автомобиль ишлаб чиқарувчи корхоналар ходимлари, тадбиркорлар, ҳарбийлар, спортчилар ва ёшлар вакиллари иштирок этди. Тадбирда сўзга чиққанлар иштирокчиларни янгиланаётган Конституция учун шу йил 30 апрелда ўтказиладиган референдумга бефарқ бўлмасликка чақирди.

- 2010 йилда ўз фаолиятимни бошлаганман, - дейди ургутлик тадбиркор Хуршид Тўраев. – 2014 йилда Ургут туманида целлофан ишлаб чиқаришни йўлга қўйганимда  корхона ходимлари 23 нафарни ташкил этарди. Бугунги кунда уларнинг сони 3 минг нафарга етди. Имкониятлардан фойдаланиб, қурилиш корхонаси фаолиятини йўлга қўйдим. Хорижий инвесторларни жалб қилдик. Мамлакатимизнинг турли ҳудудларида янги бинолар қуряпмиз. Юртимиз равнақи, тадбиркорлик ривожи, ишчи ходимлар ва фарзандларим тақдирига бефарқ бўлмаган ҳолда 3 минг кишилик жамоамиз ва оила аъзоларим билан бирга референдумда фаол иштирок этамиз.

Тадбирда самбо бўйича икки карра жаҳон чемпиони, саккиз карра Осиё чемпиони, Тойлоқ олимпия ва паралимпия спорт турларига тайёрлаш маркази самбо бўлими катта тренери Шавкат Жўраев ўз шогирдлари билан иштирок этиб, эришаётган ютуқлари ҳақида сўзлаб берди.

- Мамлакатимизда спортга алоҳида эътибор қаратиляпти, - дейди у. - Бунинг самарасини футболчиларимиз, курашчи-ю боксчиларимиз, шахматчиларимиз ва бошқа спортчиларимизнинг натижаларида кўришимиз мумкин. Мен фаолият юритаётган марказда ҳам чемпионлар сафи йилдан-йилга кенгайиб бормоқда. Келгусида ҳам кўплаб шогирдлар тайёрлаб, чемпионлар етишиб чиқиши учун бор куч-ғайратимни аямайман. Бу йўлда янгиланаётган Конституциямиз бизга янада кенг имкониятлар яратишига ишонаман.



Пойтахтдан келган санъаткорларнинг чиқишлари иштирокчиларга завқ бағишлади.

Тўлқин СИДДИҚОВ,

Бахтиёр МУСТАНОВ (сурат).