Республика анжумани: Маҳаллий сайёҳлар оқимини кўпайтириш лозим

Самарқандда «Ички туризм ва қулай имкониятлар» мавзусида видеоконференция шаклида Республика анжумани бўлиб ўтди.

Тадбирни вилоят ҳокими ўринбосари Дилшод Маматқулов очиб бериб, Самарқандда ички туризмни ривожлантиришнинг аҳамияти ва истиқболлари тўғрисида фикрларини билдирди. Видеоанжуман ишида мамлакатимизнинг барча вилоятлари туризм масалалари бўйича масьул раҳбарлар, маҳалла, ёшлар ишлари бўйича агентлик бошқармалари, касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмалари вакиллари ва бошқалар иштирок этди.

Тадбир  иштирокчилари учун туризм соҳасида ташкил этилган янги йўналишлар, вилоятга ташриф буюрувчи маҳаллий сайёҳлар учун амалдаги чегирмалар тўғрисида маълумот берилди.

Анжуманда "Uzbekistan Safe travel GUARANTEED" (“Хавфсиз саёҳат кафолатланган”) дастури доирасида туризм объектларида ва унга туташ инфратузилмаларда санитария-гигиена, хавфсиз хизмат кўрсатиш талаблари жорий этилганлигини ва мавжудлиги борасида тўхталиб ўтилди. Шунингдек, Самарқанд вилояти ҳудудида жорий этиладиган туристик хизматлар тўғрисида маълумотлар тақдим этилди.

Бундан ташқари, анжуман давомида Самарқанд вилоятининг сайёҳлик салоҳияти ҳақида тақдимот ва видеоклип тақдим этилди. Таъкидлаш жоизки, ушбу конференция келажакда вилоятлараро ўзаро ҳамкорлик алоқаларини янада мустаҳкамлаш билан маҳаллий сайёҳлар оқимини тиклашга хизмат қилади.

Самарқанд вилояти туризмни ривожлантириш департаменти матбуот хизмати.