Республика бўйича Самарқанддан 3 та ОТМ битирувчилари ишга жойлашиш бўйича ТОП-20 талик рейтингдан жой олди

Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги республикамиз бўйича энг кўп битирувчиси очиқ танлов асосида давлат хизматига қабул қилинган олий таълим муассасалариларнинг ТОП-20 талигини эълон қилди.

Қайд этилишича, бугунги кунга қадар вакант лавозимлар ягона очиқ порталига 78 та вазирлик ва идора, 208 та туман (шаҳар) ҳокимликлари уланган бўлиб, мавжуд вакант лавозимларига 103 406 маротаба танлов эълон қилинган. Танловларда 1,2 млн. номзод иштирок этган бўлса (бир ўринга ўртача 12-13 нафар номзод), улардан 45 мингга яқини давлат хизматига қабул қилинган. Ишга қабул қилинганларнинг 18 272 нафари (43 фоиз) 150 та олий таълим муассасасининг охирги 5 йиллик битирувчилари ҳиссасига тўғри келмоқда.

Таҳлилларга кўра, энг кўп битирувчиси очиқ танлов асосида ишга қабул қилинган олий таълим муассасаси “Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институти” миллий тадқиқот университетидир. Кейинги беш йилда бу олийгоҳни битирган 840 нафар ёшлар давлат хизмати турлари бўйича ишга жойлашган.

Қувонарлиси, ТОП-20 таликнинг иккинчи поғонасини Самарқанд давлат ветеринария, чорвачилик ва биотехнологиялар университети эгаллади. Ушбу олийгоҳни битирган 749 нафар ёш мутахассислар ўз касби йўналишлари бўйича очиқ танлов асосида давлат хизмати иш ўринларига эга бўлган.

Шунингдек, Самарқанд иқтисодиёт ва сервис институти (16-ўрин, 365 нафар) ва Самарқанд давлат университети (19-ўрин, 309 нафар) энг кўп битирувчиси очиқ танлов асосида ишга қабул қилинган ОТМлар ТОП-20 талигидан жой олган.

Бундан ташқари, ўтказилган танловларнинг тест синови босқичида иштирок этиб, етарли балл тўплай олмаган 73 997 нафар номзоднинг 31 777 нафари (43 фоиз) ОТМларни охирги 5 йилда тамомлаган битирувчилар эканлиги маълум қилинган.