Республика ишчи гуруҳи: Ёшлар маркази ҳокимлик ихтиёрида, етакчилар фаолиятида камчиликлар бор, иншоотлар таъмирталаб...
Аввал хабар берганимиздек, Ёшлар сиёсати ва спорт вазирлиги ҳузуридаги ёшлар ишлари агентлиги директори ўринбосари Феруз Аблаёров бошчилигидаги республика ишчи гуруҳи вазирлик таркибидаги вилоят ёшлар сиёсати ва спорт бошқармаси ҳамда ёшлар ишлари агентлиги вилоят бошқармаси томонидан ўтган йил амалга оширилган ишлар, соҳадаги муаммо ва камчиликлар, жорий йилги режалар ва “Беш ташаббус олимпиадаси”нинг янги мавсумига тайёргарлик кўриш ишларини ҳудудларга бориб ўрганди.
Ўрганиш давомида Пайариқ, Тойлоқ, Ургут, Пахтачи ва Нарпай туманларидаги спорт иншоотларининг ҳолати, ёшлар етакчиларининг фаолияти ўрганилди, муаммо ва камчиликлар таҳлил қилинди.
Ф.Аблаёровга кўра, Пайариқ туманида олиб борилган ўрганишлар давомида бир қатор муаммолар аниқланган. Жумладан, Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 15 июндаги “2021-2022 йилларда Самарқанд вилоятининг Пайариқ туманини комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига кўра, тумандаги 1-болалар-ўсмирлар спорт мактабининг Гўзал маҳалласидаги “Ёшлик” футбол ўйингоҳини республика бюджетидан реконструкция қилиш ва 18х36 ҳажимдаги янги спорт зали қуриш белгиланган бўлса-да, бугунги кунгача амалий ишга қўл урилмаган.
Шунингдек, тумандаги ёшлар маркази биноси ёшлар ишлари агентлиги балансига ўтказилмаган. Ёшлар қамрови, уларнинг манфаатлари учун хизмат қилиши белгиланган ушбу объектда ҳокимлик топшириғига асосан ёшлар сиёсатига алоқадор бўлмаган туман ташкилотлари фаолият олиб бормоқда. Марказда ёшларнинг интеллектуал салоҳияти юксалишига тааллуқли бирорта тўгарак ташкил этилмаган.
Ургут туманидаги спорт залининг пол қисми яроқсиз ҳолга келиб қолган. Спорт турлари бўйича ўқув қўлланма ва шуғулланиш учун спорт жиҳозлари етишмайди.
Тойлоқ тумандаги ёшлар етакчилари фаолияти ўрганилганда “Беш ташаббус олимпиадаси”да иштирок этиш учун ёшларни онлайн рўйхатдан ўтказиш ишлари айрим маҳаллаларда сустлиги ва “Ёшлар баланси” электрон платформаси орқали таҳрирланмаган сўровномалар кўплиги аниқланди.
Пахтачи туманидаги ўрганишлар давомида маҳаллалардаги ёшлар етакчиларининг ҳуқуқий саводхонлигини ошириш, туман ва шаҳарлардаги ёшлар етакчилари билан тажриба алмашиш бўйича доимий ўқувлар ташкил этиш чораларини кўриш белгиланди. Шунингдек, тумандаги спорт мактабининг 2 та филиали ва уларга қарашли 3 та спорт иншоотининг ҳолати билан танишилди.
Нарпай туманидаги ўрганишлар республика ишчи гуруҳининг сайёр қабули билан бошланди. Қабулда ёшларни қийнаб келаётган мурожаатлар тингланиб, ечими юзасидан масъуллар бириктирилди ҳамда етакчиларга “Ёшлар дафтари” ва “Ёшлар баланси”ни шакллантириш бўйича тушунтириш берилди.
Ўрганишлар якунида ишчи гуруҳ ва бошқармалар масъуллари иштирокида йиғилиш ўтказилди. Йиғилишда аниқланган камчиликларни бартараф этиш юзасидан масъулларга топшириқлар берилди.
Фазлиддин РЎЗИБОЕВ.