Республика мутасаддилари мурожаатчиларни тинглади

Халқ билан мулоқот қилиш ва "маҳаллабай" ишлаш тизимини янада такомиллаштириш, жойларда учраётган муаммоларга тезкор ечим топиш мақсадида Республика ишчи гуруҳининг оммавий қабули вилоятимизнинг Иштихон туманида ўтказилди.

Унда Олий суд раиси, Бош прокурор, Ички ишлар вазири ҳамда Солиқ қўмитаси, Президент Халқ қабулхоналари раҳбарлари Самарқанд, Жиззах, Сирдарё ва Навоий вилоятларидан келган мурожаатчиларни қабул қилди.

Сизни эшитишга келдик

Очиғи, айрим вақтларда жойлардаги қабул нима учун керак, ҳаммаси кўзбўямачилик, деган гапларни эшитиб қоламиз. Яшириб нима қилдик, аксариятимиз бу фикрга қўшилган ҳолатлар ҳам оз эмас. Лекин сайёр қабулни кузатган киши аслида ҳаммаси бошқача эканлигига тўлиқ ишонч ҳосил қилади.

- Навоийдан келдим, - деди 60 ёшлар атрофидаги онахон. - Турмуш ўртоғимни ноҳақ ишдан бўшатишди.

Аёлнинг гапларини тингларкансиз, беихтиёр нега ҳолат бўйича ҳудуддаги судларга мурожаат қилмаган, деган ўй ўтади.

- Иш қайси босқичларда кўрилган, - деган савол билан ёрдамчиларига юзланди Олий суд раиси Бахтиёр Исломов.

- Ҳаммаси кўрган, - деди опа ҳам худди шуни кутгандек. - Лекин улар чиқарган ҳукмлардан мутлақо норозиман. Бир неча марта қабулингизга кирмоқчи бўлдим, аммо ҳеч иложини қилолмадим.

- Шунинг учун бугун Сизни тинглаш учун келдик, - деди Б.Исломов.

Опа бироз енгил тин олди. Аслида шу гапнинг ўзи унга далда бўлганди. Олий суд раиси ёрдамчиларига қайси судларда мурожаат бўйича иш кўрилган бўлса, чақириб олишни, ўрганиш натижалари бўйича мурожаатчи ва ўзига ахборот беришни топширди.

Шу ўринда бир гап. Олий суд раиси қабулига келганлар орасида адолат қилинг, деб ҳайқириб юрганлар ҳам учрарди. Уларнинг важларини тинглаган Б.Исломов шу ернинг ўзида бу ишни қилишнинг иложи йўқлигини, чунки суд жараёни ҳам маълум қонун билан тартибга солинишини содда ва лўнда қилиб тушунтириб берди.



Бош прокурорга кираман

Қабул давомида шу гап диққатимизни тортди. Гап нимадалигини билиш мақсадида уларга яқинроқ бордик.

- Сиз кирмайсиз, демоқчи эмасман, - деди масъул шахслардан бири. – Фақат мурожаатингизни тинглаб кўрсак, балки айнан раҳбар назорати шарт эмасдир. Шу маънода нима мақсадда келганингизни сўраяпман.

Муддаосини тинглашга улгурмадик, навбати келиб, ичкарига кириб кетди. Бир муддат ўтгач, прокуратура ходимларидан бири билан етаклашиб чиқиб келди.

- Бор умидим сизлардан, ёрдам қиласиз, ишондим, - деди у.

Ичкарига кирганимизда бошқа бир фуқаро Ниғматилла Йўлдошевга миннатдорлик билдираётган экан. Гап нимадалигини тушунмасдан, унга юзландик.

- Ўқув маркази ва тикувчилик цехи очиб, 40 нафарга яқин ногиронлиги бор фуқароларни иш билан таъминладик, - дейди Самарқанд шаҳрида яшовчи Шавкатжон Бозоров. - Орадан кўп ўтмай, фаолиятимизга тўсқинликлар бошланди. Муаммога батафсил тўхталмайман, лекин тадбиркор сифатида прокуратура бизнинг ҳақиқий кўмакчимиз бўлганини алоҳида таъкидлашим мумкин. Уларнинг ёрдами билан қисқа кунларда фаолиятимизни қайта йўлга қўйиб, келгусида янада кенгайтиришни ўйлаб турибман.

Оммавий қабул давомида Ички ишлар вазирлиги ва Солиқ қўмитаси мутасаддиларига ҳам кўплаб мурожаатлар бўлди. Уларнинг баъзилари ижобий ҳал этилган бўлса, ўрганиш талаб этиладиганлари назоратга олинди. Шунингдек, айрим мурожаатлар бўйича тегишли ҳуқуқий тушунтиришлар берилди.

Вилоят ҳокими ҳам қайд этилган идораларга тегишли бўлмаган мурожаатлар бўйича жисмоний ва юридик шахсларни қабул қилди. Уларни қийнаб келаётган муаммо ва масалаларини эшитиб, ҳар бир мурожаатни қонун доирасида ҳал этиш бўйича масъулларга тегишли кўрсатмалар берди.

Ё.Гадоев.