Россия Мудофаа вазирлиги: “Ифлос бомба”га қарши куч ва воситалар шай ҳолга келтирилди»
Россия Мудофаа вазирлиги Украина “ифлос бомба”ни портлатган тақдирда куч ва воситаларни тайёр ҳолга келтиргани ҳақда бугун, 24 октябрь куни бўлиб ўтган брифингда Россия Федерацияси Қуролли кучлари радиация, кимёвий ва биологик ҳимоя қўшинлари бошлиғи Игор Кириллов маълум қилди.
“Мудофаа вазирлиги Украина томонидан юзага келиши мумкин бўлган провокацияларга қарши ишларни ташкил қилди: куч ва воситалар радиоактив ифлосланиш шароитида вазифаларни бажаришга шай ҳолатга келтирилди”, деди у.
Кириллов, шунингдек, Россия Мудофаа вазирлиги маълумотларига кўра, Киев режими томонидан “ифлос бомба” яратиш бўйича ишлар якуний босқичда эканлигини айтди.
Унинг эслатишича, бундай “ифлос бомба” портлатилганда таркибидаги радиоактив модда зарба тўлқини билан пуркалади, сўнгра катта ҳудудларга радиоактив ифлосланиш кузатилади. Кириллов, шунингдек, бу аҳолида нурланиш касаллигига олиб келиши мумкинлигидан огоҳлантирди.
Мудофаа вазирлигига кўра, Киев бундай провокацияни амалга ошириш орқали "маҳаллий аҳолини қўрқитиш, Европа бўйлаб қочқинлар оқимини кўпайтириш ва Россияни ядровий террорчи сифатида кўрсатишга уринмоқда".
Бундан ташқари, ҳарбий эксперт Владислав Шуригиннинг "Известия" нашрига айтишича, "ифлос бомба" портлаган тақдирда зарарланиш 500 метрдан 1 километргача радиусда тарқалади ва кейинчалик барча реагентлар тупроққа синга бошлайди.
Украина расмийлари ҳудудида бундай провокацияни амалга оширишга тайёрлиги ҳақида 23 октябрь куни маълум бўлган.