Россия ТИВ Украинадаги можарога чек қўйиш талабларини санаб ўтди: Улар ичида Украинадан босиб олинган янги ҳудудлар ҳам бор

Инқирозни ҳал қилиш учун Москва унинг ортида турган “янги ҳудудий воқеликларни” тан олишни, Киевга қурол етказиб беришни тўхтатиш ва Украинанинг нейтрал мақомини тасдиқлашни, Киев эса музокара бошлаш учун Россия қўшинларини олиб чиқиб кетишни талаб қилади.

Россия Ташқи ишлар вазирлиги Украина бўйича Саудия Арабистонида бўлиб ўтган музокаралар ҳақидаги маълумотни эътиборга олди, деб хабар қилади вазирлик. Россия уларда иштирок этмади, бироқ Москва ҳамкорларидан маслаҳатлашувлар бўйича ўз баҳоларини баҳам кўришини кутмоқда.

Ташқи ишлар вазирлиги матбуот котиби Мария Захарова “Зеленский формуласи”нинг ўн бандидан ҳеч бири “инқирозни музокара ва дипломатик йўл билан ҳал қилишга қаратилган эмас” ва бу режанинг ўзи “Россияга бемаъни ультиматум” эканлигини таъкидлади.

Захарова инқирозни ҳал қилишда Москва талабларини санаб ўтди:
• Киев томонидан ҳарбий ҳаракатлар ва "террорчилик ҳужумлари" тўхтатилиши;

• Ғарб Украинани қурол-яроғ билан таъминлашни тўхтатиш;

• Украинанинг нейтрал, қўшилмаслик ва ядросиз мақомини тасдиқлаш;

• "Россиянинг янги ҳудудлари аҳолисининг БМТ Низомида мустаҳкамланган ўз тақдирини ўзи белгилаш ҳуқуқини амалга ошириши натижасида юзага келадиган янги ҳудудий воқеликларни" тан олиш;

• Украинани демилитаризация ва денацификация қилишни таъминлаш;

• Украинанинг русийзабон фуқаролари ва миллий озчиликлар ҳуқуқларини таъминлаш.