Россиядаги иш берувчи ташкилотнинг 13 июль куни ўзбекистонлик меҳнат мигрантлари иштирокида юз берган тартибсизликларга алоқаси йўқ
Жорий йилнинг 31 июль куни 144 нафар фуқаро ташкиллаштирилган ҳолда Россиянинг Амур вилоятидаги газни қайта ишлаш заводи қурилишида ишлаш учун чартер рейс орқали учиб кетгани хабар қилинган эди.
Баъзи ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари томонидан ушбу фуқаролар Россиянинг мазкур ҳудудида июль ойида ўзбекистонлик меҳнат мигрантлари иштирокида тартибсизликлар юз берган ташкилотга жўнатилгани ҳақида изоҳлар билдирилмоқда.
Таъкидлаш жоизки, бугунги инқирозли даврда хорижда ёки мамлакатнинг ўзида фуқароларни иш билан таъминлаш, юртдошларимизнинг даромад олиши учун имконият яратишга қаратилган ҳар қандай хатти-ҳаракат қадрлаш ва қўллаб-қувватлашга лойиқдир.
Ўзбекистон Республикасининг қатор масъул ташкилотлари саъй-ҳаракатлари билан эришилган келишувга мувофиқ "labor migration" дастурий мажмуасида рўйхатдан ўтган фуқароларимиз Амур вилоятидаги газни қайта ишлаш заводи қурилишида ишлаш учун жўнатилган. Уларнинг Россияда ишлаши доимий мониторинг қилиб борилади. Иш берувчи ташкилотнинг эса 13 июль куни ўзбекистонлик меҳнат мигрантлари иштирокида тартибсизликлар юз берган ташкилотга алоқаси йўқ.
Шунингдек, Амур вилояти Свободный туманидаги "Renaissance Heavy Industries" компаниясига тегишли вақтинчалик вахта шаҳарчасида Ўзбекистон Республикаси фуқаролари иштирокида юз берган ҳодиса Ўзбекистоннинг Россиядаги элчихонаси томонидан назоратга олингани, мазкур масала бўйича Россия Федерацияси Ички ишлар вазирлиги ва бошқа ваколатли органлари билан мулоқот бошлангани маълум қилинган эди.
31 июль куни жўнаб кетган 144 нафар ҳамюртларимизнинг Ўзбекистондан самолётда учиб бориш, яшаш, патент ва бошқа харажатлари иш берувчи томонидан тўлаб берилиши, шунингдек, уларнинг ойлик иш ҳақи ўртача 40-60 минг рублни ташкил этиши белгиланган.
Шу ўринда ижтимоий тармоқ фойдаланувчиларидан турли асоссиз маълумотларни тарқатмасликларини, ишончсиз ахборотлар билан одамларни чалғитмасликларини сўраймиз, дейилади Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги ахборот хизмати баёнотида.
Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги ўз фаолияти билан боғлиқ ҳар қандай масала юзасидан жамоатчилик учун очиқликни таъминлашга тайёр.
Шу билан бирга, хориждаги меҳнат мигрантларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, чет элда ишлаш истагидаги юртдошларимизни хавфсиз, тартибли ва қонуний тарзда ишга жалб қилиш борасидаги ишларини давом эттиради.