Россиядаги ЙТҲда яна ўзбекистонлик ҳалок бўлди
- 04.07.2019 11:41
- 108
- Хориж
Жорий йилнинг 30 июнь куни Россиянинг Владивосток шаҳрида юз берган йўл-транспорт ҳодисасида Ўзбекистон фуқароси ҳалок бўлди. Бу ҳақда ТИВ Матбуот хизмати хабар берди.
Ўзбекистоннинг Владивосток шаҳридаги Бош консулхонаси берган маълумотга кўра, ЙТҲда 2018 йилдан бери Приморье ўлкасида қонуний асосда ишлаб ва яшаб келаётган ўзбекистонлик ҳалок бўлган.
Таъкидланишича, айни пайтда Бош консулхона Ўзбекистон Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳузуридаги Ташқи меҳнат миграцияси масалалари агентлигининг Москва шаҳридаги ваколатхонаси билан биргаликда вафот этган Ўзбекистон фуқаросининг жасадини Ватанга қайтариш учун консуллик-ҳуқуқий масалаларни ҳал қилишда ёрдам кўрсатмоқда.
Қайд этилишича, марҳумнинг жасади Агентлик ҳузуридаги Хорижда меҳнат фаолиятини амалга оширувчи фуқароларни қўллаб-қувватлаш ҳамда уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш жамғармаси ҳисобидан Ўзбекистонга қайтарилади.