Россияга кириш учун тиббий маълумотнома тайёрлаш билан шуғулланган шахс қўлга олинди

Тошкент шаҳри Ш.Руставели кўчасида жойлашган “Хумо транс” авиакасса раҳбари К.Е. ушбу авиакассада фуқаро М.З.ни алдаб, унинг ишончига кириб, пандемия шароитида чет давлатга даволаниш учун боришга асос бўлувчи касаллиги ҳақида ҳужжат тайёрлаб беришга ва шу ҳужжатга асосан бемалол Россия Федерациясига бориши мумкинлигига ишонтириб, унинг 1450 АҚШ долларини олган вақтида ҳуқуқ-тартибот идоралари томонидан ушланган.

Ички ишлар вазирлиги Коррупция ва иқтисодий жиноятларга қарши курашиш бошқармаси маълумотларига кўра, фуқаро К.Е. бундан аввал ҳам 79 нафар фуқарони шу усулда алдаб, уларнинг ҳар биридан 1200 АҚШ долларидан, жами 94800 АҚШ долларини қўлга киритган.
Мазкур ҳолат юзасидан фуқаро К.Е.га нисбатан Ўзбекистон Республикаси 168-моддаси 4-қисми “а” банди билан жиноят иши қўзғатилиб, эҳтиёт чораси тариқасида қамоққа олинган.