Россиялик экспертлар гуруҳи Ўзбекистонга келади
18-22 февраль кунлари Москва шаҳрида Жаҳон банки ва Россия тренинг маркази билан ҳамкорликда “Таълим сифатини баҳолаш тизимида халқаро солиштирма тадқиқотлар – мактаб таълимини такомиллаштириш механизми сифатида” мавзусида ўтказилган семинар-тренингда ўзбекистонлик 20 нафар мутахассис иштирок этди.
Семинар давомида таълим сифатини баҳолаш ҳамда халқаро тадқиқотлар соҳасидаги етук мутахассислар ҳамда халқаро экспертлар томонидан маъруза ва давра суҳбатлари ташкил этилди.
Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси, Халқ таълими вазирлиги ва унинг ҳудудий бошқармалари, Республика таълим маркази ҳамда Таълим сифатини баҳолаш бўйича халқаро тадқиқотларни амалга ошириш миллий маркази мутахассисларидан иборат гуруҳ аъзолари таълим сифатини баҳолаш юзасидан PISA, PIRLS, TIMSS, TALIS ва бошқа халқаро тадқиқотларга тайёргарлик кўриш бўйича Россия тажрибасини ўрганиш мақсадида семинарда қатнашди. Таъкидлаш лозимки, таълим сифатини баҳолаш бўйича PISA ҳамда PIRLS халқаро тадқиқотларида Ўзбекистон таълим тизими илк бор иштирок этди.
Тадбирда қатнашганлар PISA, PIRLS тадқиқотларининг инструментлари билан танишди ва уларни амалда қўллаб кўриш имкониятига эга бўлди. Иштирокчиларга PISA ҳамда PIRLS тадқиқотларининг мазмун-моҳияти ҳақида тушунча берилди.
– PISAдан кўзланган мақсад ўқувчиларни ҳар томонлама ҳаётга тайёрлашдир, – дейди вилоят халқ таълими бошқармасининг таълим муассалари фаолиятини ташкил этиш бўлими бошлиғи Ғайрат Бобохолов. – 2021 йилдан бошлаб 9-синф ўқувчилари PISA, бошланғич синф ўқувчилари PIRLS халқаро тадқиқотларида иштирок этади. Энди мактаблар ўртасида рейтинг ўтказиб, халқаро рейтингга муносиб тайёргарлик кўришимиз лозим. Бундай нуфузли танловларда иштирок этсак, албатта, таълим тизимида кескин ўзгаришлар бўлишига ишонаман.
Семинар иштирокчиларига Россия миллий таълим тизимини ривожлантириш, Россия таълимининг халқаро рақобатбардошлигини оширишга қаратилган лойиҳалари, жумладан “Замонавий мактаб” лойиҳаси ҳақида ҳам тушунчалар берилди. Мазкур лойиҳа умумий ўрта таълим тизимида турли таълим технологиялари, ўқитиш ва таълим-тарбиянинг янги методларини жорий қилиш, ўқувчиларнинг ўқишга бўлган қизиқиши ва мотивациясини оширишга қаратилган. Ушбу лойиҳада Россия Федерациясининг барча ҳудудлари иштирок этаётган бўлиб, янги лойиҳа асосида мактабларни қуриш, реконструкция қилиш, моддий-техника базасини мустаҳкамлаш, қишлоқ ҳудудларида ижтимоий инфраструктурани ривожлантиришни қўллаб-қувватлаш, шу билан бирга таълим стандартларини янгилаш кўзда тутилган.
Жорий йилнинг апрель ойида Жаҳон банкининг READ дастури билан ҳамкорликда халқаро тадқиқотлар доирасидаги йўналишлар бўйича Россиялик экспертлар гуруҳи Ўзбекистонга ташриф буюриши, унда бевосита умумий ўрта таълим тизимида фаолият юритаётган педагог кадрларнинг малакасини ошириш, ўқув ҳамда назорат синов материаллари ишлаб чиқувчи ижодий гуруҳлар учун ўқув курслари ташкил этилиши, методик ёрдам кўрсатиш, маслаҳатлар бериш орқали уларнинг фаолиятини қўллаб-қувватлаш каби мақсадли режалар кўзда тутилган.
Семинар-тренингдан сўнг иштирокчиларга сертифик топширилди.