Рулда ухлаб қолган Тожикистон фуқароси ЙТҲ оқибатида вафот этди
2019 йилнинг 24 ноябрь куни тахминан соат 20:00 ларда Тожикистон Республикаси фуқароси, 27 ёшли Э.Н. бошқарувидаги «Опeл» русумли автомашинасида “Бухоро-Самарқанд” йўналишида «Бухоро-Самарқанд» М-37 автомобиль йўлининг 141-километрида ҳаракатланиб кетаётган вақтида ухлаб қолган. Оқибатда бошқарувни йўқотиб, йўлнинг ўнг томонидаги бетон тўсиққа урилган ва йўл-транспорт ҳодисаси содир этган.
Йўл-транспорт ҳодисаси туфайли ҳайдовчи Э.Н. ҳодиса жойида вафот этган. Автомашина йўловчиси, 28 ёшли У.Қ. турли тан жароҳатлари билан Пахтачи тумани марказий шифохонасига ётқизилган.
Мазкур ҳолат юзасидан Пахтачи тумани ИИБ ҳузуридаги тергов бўлими томонидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 266-моддаси 2-қисми (одам ўлимига олиб келган транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш) билан жиноят иши қўзғатилган.
Жиноят иши юзасидан дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда, дея хабар беради Ўзбекистон Республикаси ИИВ ҳузуридаги Тергов департаменти.