Рустам Қобилов: "Самарқанд ва Малайзиянинг Перлис штати ўртасида туризм соҳасида энг фойдали лойиҳалар амалга оширилади"
Ўзбекистоннинг кўп асрлик ислом мероси зиёрат туризмни ривожлантиришда катта истиқболларга эга. Шу мақсадда Самарқанд вилоятининг бир гуруҳ вакиллари Ўзбекистонга махсус зиёрат саёҳатларини ташкил этиш мақсадида Малайзияга борди.
Уч кун давом этган тадбирлар давомида вилоят ҳокимининг ўринбосари Рустам Қобилов Малайзиянинг Перлис штати валиаҳд шаҳзодаси Саййид Файзуддин Путра ибни Саййид Сиражуддин Жамолуллаил, Давлат маъмурияти (ҳоким) раҳбари Моҳд Шукри Рамли, Туризм, санъат ва маданият вазири ўринбосари Хайрул Фирдавс, Ислом туризм маркази директори Алисса Юссинлар билан учрашиб, икки томонлама манфаатли ҳамкорликни ривожлантириш бўйича музокаралар ўтказди. Самарқандда туризм инфратузилмасини модернизация қилиш бўйича амалга оширилаётган мега-лойиҳаларнинг мамлакатимизни сайёҳлар учун жозибадор маскан сифатида танитишига ҳисса қўшаётгани алоҳида таъкидланди.
- Бугунги кунда Самарқанд дунёга ҳар томонлама очилмоқда, - деди Р.Қобилов. - Унинг дунёга машҳур зиёратгоҳ ва қадамжолари сайёҳларни жалб қилишда муҳим аҳамиятга эга. Самарқанд ҳудудида Имом Бухорий, Имом Мотуридий, Махдуми Аъзам каби мусулмон оламининг таниқли олимлари яшаб ижод қилган, уларнинг зиёратгоҳ комплекслари зиёрат туризмни ривожлантиришда муҳим роль ўйнайди.
Учрашув давомида республикамизнинг сармоявий ва савдо-иқтисодий салоҳияти, туризм инфратузилмасини модернизация қилиш ва Самарқанд брендини “сайёҳлик дарвозаси” сифатида тарғиб қилиш бўйича кўрилаётган комплекс чора-тадбирлар тўғрисида батафсил маълумот берилди. Хусусан, сўнгги йилларда Ўзбекистонда дунёнинг аксарият мамлакатлари фуқаролари учун визасиз режим жорий этилгани, транспорт ва меҳмонхона инфратузилмаси модернизация қилингани, валюта-банк тизими такомиллаштирилгани, сайёҳлар учун барча қулайликлар яратилгани алоҳида таъкидланди.
Самарқанд халқаро аэропорти ва “Буюк ипак йўли” халқаро сайёҳлик маркази имкониятлари ҳам намойиш этилди. Уни хорижий авиакомпаниялар учун транспорт ва сайёҳлик марказига айлантириш ва ушбу тарихий шаҳарга зиёратчилар сонини сезиларли даражада ошириш мақсадида “Очиқ осмон” режими жорий этилгани таъкидланди. Ўз ўрнида малайзияликлар Перлис штатида ўзбек маданияти ва туризми “бурчаги”ни очиш, қўшма тадбирлар ва Б2Б учрашувларини ўтказиш орқали Самарқанднинг бой туризм салоҳиятини тарғиб қилишга тайёрлигини билдирди.
Учрашувларда Ўзбекистон ва Марказий Осиё олимлари ва мутафаккирларининг ислом цивилизацияси ривожига қўшган беқиёс ҳиссаси қайд этилди. Имом Бухорий ва Имом Термизий мероси Малайзияда катта обрўга эга. Шу нуқтаи назардан, Ўзбекистон малайзиялик сайёҳлар учун энг яхши йўналишлардан бирига айланиши мумкин.
Малайзия томони туризм инфратузилмасини модернизация қилиш бўйича амалга оширилаётган чора-тадбирларни юқори баҳолади. Хайрул Фирдавс “Самарқанд – Янги Ўзбекистоннинг сайёҳлик дарвозаси” брендини тарғиб қилиш ва сайёҳлар сонини кўпайтириш бўйича улкан мақсадларга эришиш учун кенг кўламли йўналишларни ишлаб чиқиш ва ишга тушириш ғоят муҳим, деган фикрни билдирди. Учрашувда мусулмон туризми стандартларини ишлаб чиқиш ва “зиёрат-туризм” маҳсулотларини яратиш бўйича тажрибалар алмашиш, Ислом туризми маркази билан биргаликда республика вакиллари учун ўқув курсларини ташкил этиш каби қатор келишувларга эришилди.
Шу билан бирга, Ўзбекистон ва Перлис давлатининг сайёҳлик компаниялари томонидан “зиёрат-туризм”, “маданий туризм”, “этнотуризм”, “қишки туризм”, “Умра+”, “иш туризми” тур-пакетларини ривожлантириш ва диверсификация қилиш, Самарқанд вилояти ёшларига давлат олий ўқув юртларида таълим олишлари учун таълим грантлари ажратиш, қўшма таълим ва илмий лойиҳаларни амалга ошириш, Перлис университети ва Перлис Ислом университети орқали талабалар алмашинувини йўлга қўйиш бўйича келишиб олинди.
Маълумот учун: Перлис штати Малайзиянинг шимоли-ғарбий қисмида жойлашган. Вилоят аҳолисининг 89 фоизи малай миллатига мансуб халқ, 8 фоизи хитойлар, 3 фоизи ҳиндлар ва бошқалар. Пойтахти Кангар шаҳри. Штат мамлакатнинг Осиё қитъасига олиб борадиган темир йўл дарвозаси бўлиб, Таиланд орқали товарлар экспорти ва импорти учун муҳим йўлак ҳисобланади. Иқтисодиётнинг асосий тармоқлари қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини ишлаб чиқариш, хизматлар кўрсатиш, шу жумладан, логистика ва туризм.