Рустам Холмуродов нега талабаларнинг чет тилларни билиш даражасидан қониқмайди?

Самарқанд давлат университети ректори Рустам Холмуродов “Талабаларнинг чет тилларни билиш даражаси сизни қониқтирадими?” деган саволимизга шундай изоҳ берди:

- Университетнинг барча таълим йўналишларида талабалар 1-, 2-, 3-босқичда – уч йил давомида чет тилларни ўрганади. Шунга қарамасдан, талабаларнинг чет тилларни билиш даражасини қониқарли деб бўлмайди. Сабаби, ўқишга келаётган абитуриентларга мактаб даврида чет тилини ўқитиш талаб даражасида эмас. Олий таълимда асосий мақсад талабаларга чет тилларни ўргатиш эмас, балки хорижий адабиётлар асосида мутахассисликлари бўйича қўшимча билим бериш ҳисобланади. Афсуски, мактабда ёшларнинг чет тиллардан олган билим даражаси университетда чет тилларни ўқитиш дастурини тўлиқ ўзлаштириш учун етарли эмас. Лекин бугунги аҳволдан келиб чиққан ҳолда университет талабаларига чет тилларни ўрганишлари учун барча шароитлар яратилган, ўқув режа асосидаги фанлардан ташқари, бир неча тил ўрганиш курслари ташкил қилинган. Бундан ташқари, ҳар бир таълим йўналишида 2-курсдан бошлаб мутахассислик фанлари ва чет тилини чуқур ўқитишга мўлжалланган иқтидорли талабалар гуруҳлари ташкил қилинган. 2019-2020 ўқув йилида университетнинг 13 та таълим йўналишида 26 та мутахассислик фанлари инглиз тилида ўқитиш йўлга қўйилган.