Садриддин Айний ҳақида билмаганларимиз аён бўлмоқда
Оламни объектив ё субъектив талқин этишда ижодкорни вояга етказган ижтимоий, руҳий-психологик жараёнларнинг таъсири ўз изини қолдиради. Холислик ижодкор учун яхши фазилат. Ҳар қанча холисоналик бўлса-да, тарихий воқелик барибир ижодкор характери, тафаккури ва қалби "таҳрири"дан ўтиб, муайян бир асар шаклига киради. Ижодкорнинг характери, тафаккури, қалби эса уни қуршаб келган муҳит ва шароитнинг "ҳавосидан нафас олади".
Садриддин Айний амирлик замонида вояга етди, танилди. Эски мактаб, мадраса таълимини олди. Отасининг "Мулла бўлма, қози бўлма, одам бўл", деган ўгити таъсирида камол топди. Мактабнинг, мадрасанинг чаламуллаликка йўналтирилган таълимоти, амирликнинг мутаассибликка таянган тартиботи маърифатли ота ўгитига амал қилган ёш Садриддинда қониқмаслик, норозилик, кейинчалик чексиз нафрат ҳисини оширди. Илк шеърларида имо-ишоралар, рамзлар воситасида кўринган бу туйғу насрий асарларида очиқ-ойдин акс эта бошлади. Атрофдаги ночорлик, зулм ва зўравонлик, амир жаллодлари томонидан акасининг қатл этилиши, ўзининг дарра билан калтакланиши каби объектив, субъектив омиллар бу нафрат туйғусини алангалатганлиги шубҳасиз.
Ёзувчи мадрасада ўқиб юрган чоғлари муқим тураржойга эга бўлмаган. Баъзан акасининг, дўстларининг, танишларининг ҳужраларига кўчиб юрган. Умуман бошпанасиз қолган пайтлари ҳам бўлганки, унинг ўз таъбири билан айтганда, "кўйлагининг ичида" яшаб юрган. Ўша пайтларда ёзган шеърлари амир Абдулаҳадхонга маъқул бўлиб, саройга ишга таклиф қилинади. Аммо Айний турли сабабларни рўкач қилиб, бу таклифни рад қилади. Ёш бўлишига қарамай, бу дунёнинг пасту баландини, оқу қорасини эрта англаган ёзувчида шахсий сифатлар шакллана бошлаган эди.
Маълумки, С.Айний ижодини шеър ёзиш билан бошлайди. Аҳмад Донишнинг шафқатсиз реализм намунаси бўлган "Наводирул вақое" асари билан танишгач, унда ёзувчиликка ҳавас уйғонади. Асарлари тилининг содда, равон, халқона, жумлаларнинг пишиқ, фикрларининг мантиқан бир-бирига боғланиши устида сабот билан меҳнат қилади. 1920-1921 йилларда носирликка жиддий киришади.
Психологларнинг аниқлашича, инсонда характер хусусиятлари 22-25 ёшлар атрофида шаклланади. Октябрь тўнтариши рўй берганда Садриддин Айний 40 ёшда эди. Адибнинг идеаллари, қарор топган характери, жумладан, ижтимоий адолатсизликка муросасизлиги янги тузум ғояларига мос келди. Шу боис адиб амирнинг тахтдан ағдарилишини (1920) мамнуният билан қаршилайди.
Яна бир жиҳати шундаки, шўро ҳукуматига ҳам байроқ қилиб кўтариш учун Садриддин Айнийга ўхшаган таниқли, эътироф этилган шахс керак эди.
ХIХ асрнинг иккинчи ярмидан ХХ асрнинг 20 йилларига қадар бўлган Бухоро тарихида сохталаштирилган, холисона ўрганилмаган нуқталар кўп. Тарихий ҳужжатлар, дарсликлар, маълумотномалар ўз даврининг сиёсат ва мафкураси таъсирида бир ёқлама ёритилган бўлиб, бугунги кун Садриддин Айний асарларининг нафақат бадиий, балки тарихий аҳамияти нечоғлик баланд ва муҳимлигини кўрсатиб турибди. Бу борада "Эсдаликлар" жуда қимматли манба ҳисобланади.
Садриддин Айний поэтик услубини белгиловчи бош асос бу тарихий ҳақиқатга содиқлик ва ростгўйликдир. Ибн Сино, Рудакий, Фирдавсий, Шайх Саъдий, Алишер Навоий, Мирзо Бедил, Муқимийлар ҳақидаги илмий тадқиқотларида ҳам шу хусусият етакчилик қилади. Туркий, форсий, арабий манбаларни таққослаб, олим илмий қарашларини тарихий далил, ҳужжатлар билан асослайди.
Адибнинг "Эски мактаб", "Эсдаликлар" асарларида ўзи иштирок этган тарихий давр ҳодисалари ҳикоя қилинади. Бошқа бадиий асарларининг сюжетига ҳам тарихий шахслар ҳаёти, тарихий воқелик, ҳаётий макон ва замон асос бўлиб хизмат қилган. "Мактаб", "мадраса", "масжид", "бозор", "идора", "карвонсарой", "арк", "обхона" каби микромаконлардан ташқари, биргина Шофиркон туманидаги "Маҳаллиболо", "Мамадбоқи" (бугун "Маҳаллибоқи") "Денав", "Суғд" (бугун "Суғут") каби қишлоқлар ҳам тарихий жой номлари бўлиб, ёзувчи тарихий ҳақиқатни бадиий ҳақиқатга айлантиришда кўп ҳам муболағага йўл қўймаганига ишонч ҳосил қилиш мумкин. "Маҳаллиболо" тоғаларининг қишлоғи бўлиб, болалигида ёзувчи бу қишлоқларда анча пайт яшаган, шу ерлик камбағал, чоракор, етим-есир, бой-амалдорларни яхши таниган. "Қуллар" сюжетининг таркибий қисмлари асосан, ана шу қишлоқларда кечади.
Шавкат ҲАСАНОВ,
филология фанлари доктори.
(Давоми бор).
Муаллиф ҳақида: Шавкат Ҳасанов шоир, таржимон ва олим. Унинг "Ёмғир мавсуми", "Қайғудан кейинги кун" шеърий тўпламлари, "Ўзбек драматик достони", "Замонавий ўзбек достони поэтикаси", "Лирика ва достон", "Достон таркиби ва табиати" каби монографиялари, "Ўзбек журналистикаси тарихи" ўқув қўлланмаси, адабиётшуносликнинг долзарб масалаларига бағишланган 100 га яқин мақолалари эълон қилинган.