Саид Аҳмаднинг табрик мактуби
Ушбу табрикномани «Сайдулло Мирзаевга» деб ёзгим келмади. Фамилия сўзи она тилимизга ёт бўлганиданми, ундан расмийлик ҳиди келиб турганиданми, самимийликка халақит бераётганга ўхшайверди.
Отангиз Сизга Сайдулло, деб исм қўйган. Демак, Сиз Саидлардансиз. Модомики, шундай экан, исмингиз Сайдуллохон бўлиши керак.
Азиз ва муҳтарам Сайдуллахон!
Халқимизда дарахт бир ерда кўкаради, деган гап бор. Бу гап бевосита Сизга тааллуқлидир. Сиз қирқинчи йилларнинг адоғида дорилфунун эшигини очиб ичкарига кирдингизу ҳалигача қайтиб чиқмадингиз. Дарахтдек экилиб қолдингиз. Буюк ёзувчи Садриддин Айний, Иброҳим Мўминов, Мусо Мўминов, Воҳид Абдуллолар мададида аввал фан номзоди, кейин фан доктори илмий даражасига етишдингиз.
Сиз билан 1957 йилнинг кузида Самарқандда бўлган Абдулла Қаҳҳорнинг 50 йиллик тўйида танишган эдик. Ана шундан бери адабий-илмий изланишларингизни кузатиб бораман. Ичидан нурланиб турган мақолаларингиздан қувонаман. Адабий-илмий анжуманлардаги нутқларингизни, баҳсларингизни тинглаб, ўзимча бир хулосага келаман. Бу оддий нутқ эмас, қувонч, мамнун жилмайиш, деб баҳолайман.
70 йиллик тўйингиз арафасида босмадан чиққан «Адабиёт ва ҳаёт» китобингизни диққат билан ўқиб чиқдим. Бу китоб саҳифаларидан Сизнинг бутун борлиғингиз кўриниб турибди. Унда ижоди ширага тўлган, кузатишлари аниқ ва тиниқ олимнинг суврати намоён бўляпти. Қайси бир олим ёки ёзувчи тўғрисида гап айтсангиз, худди капалакни ушлагандек авайлаб, аҳтиёт қиласиз. Бу албатта, адабиётга, ижодга бўлган буюк ҳурматдан, деб биламан. Айниқса, «Ўзбек романчилиги», «Ўзбек романларининг туғилиши ва тараққиёт босқичлари» боблари ниҳоятда синчковлик билан кузатиш меваси эканини алоҳида таъкилаб ўтиш зарур. «Уч устоз аллома», «Абадиятга дахлдор», «Тирик сиймолар» боблари ўқувчини ўйлатадиган, хаёлга чўмдирадиган нозик кузатишлар маҳсулидир.
Китобда мен тўғримда анчагина илиқ-иссиқ гаплар айтгансиз. Танқидларингизга эътироз билдира олмайман. «Жимжитлик» ёзилган пайтларда китоб «қаҳрамонлари» ҳали отдан тушмаган, қўлида ўқланган тўппончаси бор пайтлар эди.
Сиз шунча нуқсонларга қарамай, романдан бирталай фазилатлар ҳам топгансиз. Романнинг ниҳоятда миллийлиги, тилининг равонлиги, асар иштирокчиларининг одамийлиги, донолиги, жасурлиги, тоғ манзараларининг аниқ тасвири тўғрисида меҳр билан сўз юритгансиз. Катта эна, Рисолат кампирлар романдаги энг миллий, энг ёрқин образ бўлганини айтгансиз.
Мана шу гапларингиз учун чин дилдан раҳматлар айтаман. Шундай гапни кимдир албатта айтиши кераклигини кутгандим. Романда тузатадиган, қисқартириладиган боблар кўп. Ортиқча чўзилиб кетган саҳифаларини шафқатсиз равишда чиқариб ташлаш зарурлигини биламан. Ўша пайтда китобнинг қирқ минг нусха босилиши рекорд тираж ҳисобланарди. «Жимжитлик» эса бир йўла 150 минг нусха босилди. Уни қайта нашр қилишга ҳожат қолмади. Энди эса уни таҳрир қилиш, қисқартириш, тузатиш учун вақт қолмади. Умрим ҳам поёнига етиб қолди. Таҳрир қилишга улгуролмасам керак. Афсус, роман шу аҳволича қоладиган бўлди.
Азиз Сайдуллахон! Азага келган хотин ўз дардини айтиб йиғлар, дегандек Сизнинг тўйингизда дардимни тўкиб солдим. Олдингизда узун йўл бор. Эндигина етмиш ёшга етдингиз. Хали кўп ишларни қилиб улгурасиз.
Сизга сиҳат-саломатлик тилайман. Ичидан нур таратиб турадиган дилбар китобларингиз қўлма-қўл бўлиб ўқилишини истайман.
Қаторда норинг бўлса, юкинг ерда қолмайди, дейдилар. Ботирхон Валихўжаевдек зукко олим ёнингизда тоғдек суянчиқ бўлиб турибди. Сиз ҳали бир-бирингизнинг изингизни босиб, илмнинг сирли сўқмоқларидан жуда олисларга борасиз.
Сизга ҳамиша ҳурмат билан Саид Аҳмад»
8 сентябрь 2001 й.
Таҳририят: Табаррук 70 йиллиги нишонланган Самарқанд давлат университети фахрий профессори, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган фан арбоби Сайдулла Мирзаевга шу қутлуғ сана муносабати билан Қаҳрамон адибимиз Саид Аҳмад табрик мактуби йўллаган эди. Таҳририят китоб охирида ана шу табрикномани илова тарзида эълон қилишни лозим топди.
«Мулоқот» журнали, 2002 йил, 5-сон.