Саидризо Ализода ишлаган бинода пешлавҳа ўрнатилди
Вилоят жамоатчилиги Қатағон қурбонлари хотираси вилоят музейи ҳамда шаҳар ҳокимлиги ташаббуси билан ташкил этилган 1919-1921 йилларда Саидризо Ализода муҳаррирлигида “Шуълаи инқилоб” ҳафталик журнали чоп этилган бино (ҳозирда Алишер Навоий номидаги истироҳат боғи маъмурияти)да пешлавҳа ўрнатиш маросимида иштирок этди.
Саидризо Ализода «Самарқанд» газетаси ҳамда «Ойина» журналида Беҳбудийнинг яқин ҳамкори бўлган, «Шарқ», «Ҳуррият», «Зарафшон», «Овози тожик» газеталарида ишлаган. У 1919 йилда “Шуълаи инқилоб” журналига асос солган ва чоп эттирган. «Сарфи араб», «Туркий алифбо», «Тарих», «Жуғрофия», «Риёзиёт», «Хандаса” каби 11 та дарслик тузган, 1933-1937 йилларда СамДУда талабаларга таълим берган.
Тадбирда Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси вилоят бўлими раиси Ф.Тошев, Ёзувчилар уюшмаси вилоят бўлими раҳбари Тошпўлат Тугалов, алломанинг невараси Ф.Ализода тадбир иштирокчиларига маърифатпарвар олимнинг ҳаёти ва ижоди ҳамда келажак авлодга қолдирган бой ижодий мероси ҳақида маълумот берди.
- Бобомизнинг ҳаёти турли сиёсий талотўпларда ўтди, хорижда машҳур бўлган аллома большевиклар томонидан халқ душманига чиқарилиб, ҳибсга олинди, - дейди мутафаккирнинг набираси Фарҳод Ализода. – Бундай драматик тақдир ҳақида том-том асарлар ёзса арзийди. Асарлари, илмий фаолияти чуқур тадқиқ этилиши лозим. Бобомизнинг бугунги авлод учун ибрат қилиб кўрсатишга арзигулик сифатлари шу қадар кўпки, улар ўрганишни, илмий мулоҳазаларни тақозо этади.