Саломатлик куни барча эшиклар очилди
7 апрель – Бутунжаҳон саломатлик куни муносабати билан вилоятнинг барча шифохоналарида очиқ эшиклар куни, оммавий соғломлаштириш машғулотлари ва турли тадбирлар бўлиб ўтди.
Самарқанд шаҳридаги 1-сон болалар шифохонасида ўтказилган очиқ эшиклар кунида 150 дан ортиқ болалар турли мутахассис кўригидан ўтди.
-175 ўринли, 5 та бўлимдан иборат шифохонамизда болалар касалликларини даволаш учун 40 нафарга яқин мутахассис ўз фаолиятини олиб боради, - дейди шифохона бош шифокори Шоира Нуруллаева. – Шифохонамизда 24 соат давомида фаолият кўрсатганимиз учун ҳар куни 150 га яқин мурожаатлар бўлади. Яқиндагина “Очиқ бюджет” танлови асосида одамлар овоз бериши орқали 950 миллион сўм маблағни ютиб олдик. Ушбу маблағга шифохона канализация тизими тўлиқ таъмирланади. Шунингдек, муолажа хонаси, реанимация бўлимини замон талаблари асосида таъмирлашни режалаштирганмиз. Шунингдек, кейинги йилларда Самарқанд давлат тиббиёт институти олимлари билан ҳамкорликда, физиотерапия муолажасини жорий қилиш, халқ табобатини қўллаш орқали кам инъекцияли даволаш тизимини йўлга қўйиш ниятидамиз.
Кўрикдан ўтиш учун келган болаларнинг ота-оналарига соғлом турмуш тарзи тарғиботи бўйича буклетлар ҳамда совға-саломлар тарқатилди.