Саломатлик посбонлари Булунғур тажрибасини ўрганди
Вилоят ҳокими Эркинжон Турдимов ташаббусига кўра, вилоятимизда соғлиқни сақлаш тизимидаги тажрибаларни ўрганиш амалиёти йўлга қўйилган. Шу мавзуга бағишланган семинарнинг навбатдаги манзили Булунғур тумани бўлди.
Унда вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи Суҳроб Зайниев, Самарқанд давлат тиббиёт университети ректори Жасур Ризаев, вилоятимиздаги тиббиёт муассасалари, шунингдек, туман, шаҳар тиббиёт бирлашмалари раҳбарлари иштирок этди.
Семинар туманнинг Зарафшон маҳалласида жойлашган “Ипак йўли” оилавий шифокорлик пунктининг янги, замонавий қиёфадаги биносининг очилиш тадбири билан бошланди. Мазкур бино 1959 йилда ҳашар йўли билан қурилган бўлиб, сўнгги йилларда таъмирталаб аҳволда қолган эди.
Таъкидлаш керакки, ҳозирги вақтда бино 13 878 нафар аҳолига саломатлик ва профилактика мақсадида хизмат кўрсатади. Янги бинода тиббиёт ходимларига ҳам, унга ташриф буюрувчиларга ҳам барча қулайликлар яратилган бўлиб, зарурий тиббий жиҳозлар билан тўлиқ таъминланган.
Семинар иштирокчиларининг кейинги манзили Килдон маҳалласидаги 1-сонли оилавий поликлиникаси бўлди. Соҳа раҳбарлари бу ерда беморлар ва тиббиёт ходимлари учун яратилган шарт-шароитлар, иш жараёнининг қай тартибда йўлга қўйилганлиги, эришилган натижалар ҳамда галдаги вазифалар билан таништирилди.
Бундан ташқари, семинар иштирокчилари Булунғур туман тиббиёт бирлашмасига қарашли марказий шифохонада бўлишиб, яратилган қулайликлар, соҳа ривожи йўлида амалга оширилаётган ишлар, янги келтирилган тиббий жиҳозлар билан танишдилар. Семинар тиббиёт бирлашманинг фаоллар залида кўрган кечирганлари юзасидан ўзаро фикр алмашиш ҳамда хулосаларни бўлишиш тарзида давом этди.
Якунда мутахассислар туманнинг Олмазор маҳалласида бунёд этилаётган “Янги Ўзбекистон” массивидаги бунёдкорлик жараёнлари билан яқиндан танишди.