Самарали жамоатчилик назорати юритилади
Ўзбекистон Республикаси Президентининг Парламентга Мурожаати мамлакатимизда олиб борилаётган иқтисодий, ижтимоий, сиёсий ислоҳотларни амалга оширишдаги муҳим вазифалар белгилаб берилгани билан аҳамиятли бўлди. Давлатимиз раҳбарининг 2017 йил 22 декабрда эълон қилинган биринчи мурожаатномаси мамлакатимиз тарихида улкан янгилик сифатида баҳоланган бўлса, бу йилги мурожаатнома унинг узвий давоми сифатида халқимиз томонидан илиқ кутиб олинди.
Президентимиз 2019 йилни “Фаол инвестициялар ва ижтимоий ривожланиш йили” деб эълон қилиб, келгуси йилда иқтисодиёт тармоқларини ривожлантиришда инвестицияларни фаол жалб этиш, ижтимоий соҳада амалга оширилиши лозим бўлган устувор вазифа ва мақсадларни белгилаб берди. Бу вазифаларни бажаришда давлат органлари билан бирга фуқаролик жамияти институтлари ҳам иштирок этишлари лозим.
Хорижий инвесторларни мамлакатга жалб қилишда улар учун қулай тадбиркорлик муҳитини яратиш, замонавий технологияларни жорий қилиш, шунингдек, мамлакатимиздаги тадбиркорлик субъектларининг экспорт салоҳиятини ошириш, солиқ ва божхона тизимида улар учун қулайликлар яратиш кўзда тутилмоқда. Шу билан бирга, мурожаатномада ҳалол, солиқларни ўз вақтида тўлаётган тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш давлатнинг устувор вазифаси сифатида баҳоланди.
Президентимиз маърузасида иқтисодиётни бошқаришда давлат аралашувини кескин камайтириш лозимлиги таъкидланди. Масалан, бугунги кунда мамлакатимизда 603 та акциядорлик компанияси фаолият олиб бораётган бўлса, шундан 486 тасида давлат улуши бор. Ёқилғи-энергетика, нефть-газ, кимё, транспорт ва банк соҳаларида ҳам давлат иштироки юқори даражада сақланиб қолаётгани уларни ривожлантириш, ушбу соҳаларга инвестицияларни жалб қилишга тўсқинлик қилмоқда.
Халқ билан мулоқот, фуқароларнинг мурожаатлари билан ишлашда Ўзбекистон Республикаси Президентининг Халқ қабулхоналари фаолияти қайта кўриб чиқилиб, аҳолининг муаммоларини ўрганиш борасидаги фаолияти янада такомиллашиши жойларда мавжуд муаммоларни ўз вақтида аниқлаш ва уларни бартараф этиш имкониятини беради.
Бош вазирдан ташқари, Вазирлар Маҳкамаси аъзоларини ҳам Олий Мажлис томонидан тасдиқлаш амалиёти жорий қилиниши, айни пайтда маҳаллий кенгашлар вилоят ва туман идоралари раҳбарларини ҳам тасдиқлаш худди шундай тартибда йўлга қўйилиши жамоатчилик назоратини кучайтиришга, давлат органларининг халқ вакиллари ва фуқаролар билан конструктив мулоқотига замин яратади.
Бугунги кунда маҳаллий кенгашларга ҳокимларнинг раислик қилиши вакиллик органларининг назорат функциясига маълум маънода таъсир ўтказмоқда. Ушбу амалиётнинг бекор қилиниши маҳаллий кенгашлар депутатлари, сиёсий партияларнинг жамиятимиздаги мавқеини оширишга хизмат қилади.
Бир сўз билан айтганда, ушбу мурожаатнома давлатимиз тараққиётига, халқимиз ҳаётининг янада фаровон бўлишига хизмат қилади.
Фотех РАҲМАТОВ,
фуқаролик жамияти шаклланишини мониторинг қилиш мустақил институти Самарқанд вилоят ҳудудий бўлинмаси раҳбари.