Самарали меҳнатнинг салмоқли натижалари
Самарқанд иқтисодиёт ва сервис институтида ўзининг педагогик маҳорати, юқори илмий салоҳияти билан бошқаларга ўрнак бўлаётган ходимлар анчагина. Шулардан бири институт молия кафедраси мудири, иқтисод фанлари доктори, профессор Жаҳонгир Расулович Зайналовдир.
Жаҳонгир Зайналов 1950 йил 30 апрелда Самарқанд шаҳрида таваллуд топган. Ўрта мактабни аъло баҳоларга тугатиб, Самарқанд кооператив институти (ҳозирги Са-марқанд иқтисодиёт ва сервис институти)да ўқиди. Мазкур даргоҳни 1971 йилда тамомлагач, меҳнат фаолияти шу институт билан чамбарчас боғлиқ бўлди. Ассистент, катта ўқитувчи, доцент, профессор, кафедра мудири, декан лавозимларида меҳнат қилди ва ҳозирги кунда ўз фаолиятини давом эттирмоқда.
У иқтисодий ислоҳотларни амалга ошириш даврида молия, банк, солиқ бўйича ташкилотчилик фаолиятини олиб борди ва ушбу жараёнда фаоллик кўрсатди. Иқтисодиёт ривожланишини янги босқичга кўтаришда молия, солиқ, банк, суғурта каби соҳалар муҳим аҳамият касб этади. У ушбу соҳалардаги муаммоларни ижобий ҳал қилишда республика аҳамиятидаги таклиф ва тавсияларни ишлаб чиқди, уларнинг аксарияти ҳукуматнинг меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларида ўз аксини топган.
Профессор Жаҳонгир Зайналов институтдаги ўқув жараёни ва илмий ишларни такомиллаштириш бўйича ўзининг ташаббускорлиги билан ажралиб туради. Талаба-ёшларга замонавий таълим бериш, рақобатбардош кадрлар тайёрлашда илғор технологиялардан фойдаланади. Таълим босқичларида назарий муаммоларни амалиёт билан уйғунлаштирган ҳолда олиб бормоқда. Таниқли олим сифатида кўплаб фан номзодлари ва фан докторларини тайёрлаб келмоқда.
Жаҳонгир ака молия-иқтисод соҳасидаги ва иқтисодий ўсиш муаммоларига бағишланган республика ва халқаро илмий-амалий конференциялар ташкилотчиси ва фаол иштирокчисидир. Унинг илмий фаолиятида молия-кредит муносабатлар, банк-молия тизимини ривожлантириш муаммолари, хизмат кўрсатиш соҳасида инновацион муносабатлар, солиқ тизимини ислоҳ қилиш масалалари кенг ўрин олган. Бу борадаги илмий изланиш ва тадқиқотлар маҳсули сифатида яратилган монографиялар, ўқув адабиётлар нафақат юртимиз, балки хорижлик талабалар, илмий тадқиқотчилар ва амалиёт ходимларига муҳим қўлланма бўлиб хизмат қилмоқда.
Етук иқтисодчи олим Ж.Зайналовнинг халқаро даражадаги илмий-педагогик салоҳияти эътиборга олиниб у киши Халқаро Евроосиё Иқтисодиёт академиясининг академиклигига сайланган. Шунингдек, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Молия вазирлиги, Давлат солиқ қўмитаси ва бошқа ташкилотлар томонидан олимнинг меҳнатлари эътироф этилган.
Жаҳонгир Зайналов катта оила бошлиғи сифатида турмуш ўртоғи Ҳурмат Шокирбекова билан муносиб фарзандларни тарбиялаганлар, улар жамиятда ўз ўрнига эга. Севимли набиралар ота-онаси, бобоси ва бувиси қуршовида ширин ҳаёт кечирмоқдалар.
Меҳрибон устоз Жаҳонгир Зайналовни таваллуд куни – қутлуғ 70 ёши билан чин юракдан самимий табриклаб, у кишига узоқ умр, мустаҳкам соғлиқ ва келгуси илмий-педагогик фаолиятида янги зафарлар тилаймиз.
Жаҳонни айланиб, яёв кезсак ҳам,
Ахтариб топмадик сиздайин устоз.
Хар доим шогирдин камолин ўйлаб,
Оз-мунча заҳматлар чекдизми, устоз?
Нурли келажакни кўрсатиб бизга,
Гард юқтирмасликка ундайсиз устоз.
Илм зиёкори,сиз – миллат қароғи,
Руҳ озиғи – илм деб яшайсиз устоз.
Зарҳал ҳарфлар билан бугун шогирдлар
Аслида битади қалбдаги қўрин.
Йўқолмас, туганмас меҳрингиз ила,
Номаю, табриклар йўллайди, устоз.
Агар ниҳол бўлсак, боғбонимизсиз,
Лозим билдик сизга таъзим қилишни.
Отадек улуғсиз шогирдлар учун,
Ва албат бор бўлинг, бахтимиз учун!
ШОГИРДЛАРИНГИЗ.