Самарқанд далаларини суғоришга йўналтирилган сувнинг 15 фоизи беҳуда сарфланяпти
Ўтган куни бўлиб ўтган халқ депутатлари вилоят Кенгаши сессиясида ҳисобот берган “Зарафшон” ирригация тизимлари ҳавза бошқармаси бошлиғи Ф.Ражабов бу ҳақда айтиб ўтган.
Таъкидланганидек, минтақамизда сув танқислиги билан боғлиқ вазият йилдан-йилга мураккаблашиб бормоқда. Жумладан, бу йил ўтган йилга нисбатан деярли барча ҳудудларда сув миқдори камайгани жиддий қийинчилик келтириб чиқарди. Хусусан, 2019 йил суғориш мавсумида Зарафшон дарёсидан энг кўп келган сув сарфи 660 метр куб/с.ни ташкил этган. Жорий йил суғориш мавсумида эса бу кўрсаткич 302 метр куб/с. бўлган.
Бундай шароитда қишлоқ хўжалигини ривожлантириш, хусусан, мавжуд экин ер майдонлари ва томорқа ерлардан унумли фойдаланиш, йилига камида 2-3 мартадан ҳосил олишнинг бирдан-бир йўли сувдан фойдаланишда илм-фанни татбиқ этиш, сув тежовчи технологияларни кенг жорий қилишдан иборат.
Шу маънода, фермер ва кластерларга томчилатиб суғориш жорий қилинган 1 гектар ер учун 8 миллион сўм, 1 гектар ёмғирлатиб суғориш технологияси учун 4 миллион сўм ҳамда 1 гектар дискертли суғориш технологияси учун 1 миллион сўм субсидия берилиши белгиланган.
Бундан ташқари, томчилатиб суғориш тизими қўлланиладиган ерлар - томчилатиб суғориш тизими жорий этилган ойнинг бошидан эътиборан беш йил муддатга ер солиғидан озод қилинган.
Қайд этилишича, вилоятда бугунги кунгача мавжуд ер майдонларининг 34 минг гектари ёки 9 фоизида сув тежовчи технологиялар жорий қилинган. Жумладан, 21,6 минг гектар, шундан, 6 минг 68 гектар пахта, 10 минг 853 гектар боғ, 2 минг 768 гектар узум ва 1912 гектар сабзавот майдонларида томчилатиб, 120 гектар майдонда ёмғирлатиб суғориш йўлга қўйилган. Бундан ташқари, 12,4 минг гектар пахта ва ғалла майдонларида кўчма эгилувчан қувурлар орқали суғориш технологияси жорий қилинган.
Мутахассисларнинг фикрига кўра, пахта майдонларини эгатлаб суғоришда йилига қарийб 400-450 миллион метр куб ёки 15 фоиз сув далада беҳуда сарфланмоқда.
Таҳлилларга асосан, 4 минг 500 гектар пахта майдони анъанавий йўл билан суғорилганда ўртача 28 миллион 350 минг куб метр, томчилатиб суғориш жорий қилинганда эса 17 миллион 250 минг куб метр сув сарфланади. Яъни, томчилатиб суғориш орқали 11 миллион 100 минг куб метр сув тежалишига эришилади.
Бундан ташқари, шох ариқ ва ўқариқлар олиниши ҳисобига йўқотиладиган ғўза майдонидан ҳам ҳосил олиш имконияти пайдо бўлди. Ғўза майдонларининг 5-6 марталаб культивация қилинишига ҳожат қолмайди. Ўз навбатида, механизатор, чопиқчи ва сувчиларга тўланиши керак бўлган иш ҳақи ҳам иқтисод қилинади.
Шунингдек, янги суғориш технологияси қўлланилганда минерал ўғитларнинг ғўзага таъсири 90-95 фоизгача мақсадли сарфланади. Ғўза майдонлари бир текисда ва ўз вақтида суғорилиши ҳисобига ортиқча ғовлаб кетишининг олди олиниб, пахтанинг ҳосилдорлиги ортади.
Шу боис, 2021 йилда вилоят бўйича 29,1 минг гектар майдонда сув тежовчи технологияларни жорий қилиш режалаштирилган. Жумладан, 19,1 минг гектар майдонда томчилатиб, 183 гектар майдонда ёмғирлатиб суғориш технологияларини жорий қилиш ва 9,8 минг гектар майдонларни лазерли ускуна ёрдамида текислаш белгиланган.
Томчилатиб суғориш технологияларини жорий қилиш режалаштирилган 19,1 минг гектар майдонларнинг 13,3 минг гектарини пахта, 2,5 минг гектарини боғ, 3,03 минг гектарини ток ва 313 гектарини бошқа қишлоқ хўжалик экинлари ташкил этади.
Ҳисоботга кўра, бугунги кунда Самарқанд шаҳридаги “Асаr Mak San”, “Саг Агро” ва Ургут туманидаги “Ур Газ” МЧЖлар бир йилда 20 минг гектарга етарли сув тежовчи технологияларни ишлаб чиқариш имкониятига эга.