Самарқанд давлат чет тиллар институти битирувчилари қаерда ишлайди?

Бугун мазкур олий таълим даргоҳида битирувчиларни иш жойларига тақсимлаш мақсадида ўтказилган “Карьера куни” меҳнат ярмаркасида 270 нафар бўлажак мутахассиснинг иш жойи аниқ бўлди.

Улар вилоят мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси тасарруфиддаги таълим муассасалари, “Air Marakanda” ва туристик корхоналардаги бўш иш ўринларига ишга жойлашиш учун йўлланма олди.

2024-2025 ўқув йилида Самарқанд давлат чет тиллар институтини 3479 нафар йигит-қиз бакалавр йўналишлари ва магистратура мутахассисликлари бўйича битирмоқда. Давлатимиз раҳбарининг шу йил 14 февралда қабул қилинган “Олий таълим ташкилотлари битирувчиларининг ишга жойлашишига кўмаклашиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори ижросини таъминлаш мақсадида ташкил этилган тадбир доирасида вилоятдаги 60 дан ортиқ корхона ва ташкилот бўлажак ёш мутахассисларга 1000 га яқин бўш иш ўринларини таклиф этди. Битирувчилар мазкур бўш иш ўринлари билан танишди ва иш берувчи корхоналар масъуллари билан суҳбатлашди.

Тадбирда сўзга чиққан институт ректори Б.Холиқов ва асосий иш берувчи ташкилот — вилоят мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси бошлиғи М.Ҳамдамовлар мамлакатимизда олиб борилаётган ёшларга оид давлат сиёсатининг аҳамияти, таълим сифатининг ошишига қаратилган эътибор, келажагимиз ворислари учун яратилган шароит ва имкониятлар ҳақида гапирди. Ёшларимиз бу имкониятлардан оқилона фойдаланса, жамиятда ўз ўринларини топишлари мумкинлиги алоҳида таъкидланди.

– Мамлакатимизда йилдан-йилга олий таълим муассасалари ва уларда  тайёрланаётган мутахассисликлар ҳамда ўз навбатида талабалар сони ошиб бормоқда, – деди институт ректори Баҳодир Холиқов тадбир доирасида ўтказилган матбуот анжуманида. – Энди олий таълим муассасалари битирувчиларини иш билан таъминлаш, меҳнат бозорида рақобатбардош кадрларни тайёрлаш кун тартибидаги асосий масала бўлмоқда. Мамлакатимиз меҳнат бозори учун ҳар қандай рақобатга бардошли, замонавий билим ва кўникмага эга бўлган ёш мутахассисларни тайёрлаш Самарқанд давлат чет тиллар институтининг ҳам асосий мақсади ҳисобланади. Битирувчиларимиз асосан, мактабларда хорижий тиллар ўқитувчилари сифатида ишлайди, шунингдек, сайёҳлик соҳаси учун ҳам билимдон гид-таржимонлар тайёрлаймиз. Эндиликда бўлажак ўқитувчиларни мактабларга ишга қабул қилишда улардан хорижий тил билиш даражаси бўйича сертификат сўралади. Бу эса ҳар бир талабанинг биринчи навбатда шундай сертификатга эга бўлиши учун кўп ўқиб-изланишини тақозо этади. Туристик соҳада ишлаш учун ҳам ёш мутахассис назария билан бирга амалиётни чуқур ўзлаштириши лозим. Шунинг учун биз ушбу йўналишда дуал таълимни йўлга қўйиб, айрим кафедраларимизнинг туристик объектларнинг ўзида фаолият кўрсатишини ташкил этяпмиз.

Карьера куни тадбирларида вилоят мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси, туризм бошқармаси ва бир қатор сайёҳлик компаниялари раҳбарлари иштирок этиб, битирувчилар билан суҳбатлашди, уларнинг билим ва малакасига баҳо берди.

Муҳаммаджон Зайниддинов.