Самарқанд давлат университети ботаника боғи "Халқаро ботаника боғлари" ассосациясига қабул қилинди
Мазкур ботаника боғи ўтган асрнинг етмишинчи йилларида ташкил топган, майдони 36 гектар. Боғда 5000 дан зиёд мевали ва манзарали дарахтлар, бутасимон ва гул ўсимликлари мавжуд. Улардан табиий ва аниқ фанлар йўналишига доир илмий ишларда фойдаланиб келинмоқда.
"Халқаро ботаника боғлари" ассосацияси қароргоҳи Лондонда жойлашган бўлиб, унинг асосий мақсади ботаника боғларидаги дарахт ва ўсимликларни ҳимоя қилиш ва улар устида илмий тадқиқотлар ўтказишдан иборат. Самарқанд давлат университети ботаника боғининг ушбу ассосациясига аъзо бўлиши бир қатор афзалликларга эга.
Жумладан:
- дунёдаги ботаника боғлари билан ҳамкорликни яхшилаш, турли хил тадбирлар ўтказиш;
- бу ерда мавжуд бўлмаган манзарали ва мевали дарахтларни намуналарини олиб келиш ва кўпайтириш;
- юртимиздаги ноёб ўсимликларга оид ахборотларни халқаро доирада кенг тарғиб қилиш;
- Самарқанд вилоятига келаётган турист ва меҳмонларни саёҳатга таклиф қилиш;
- Самарқанддаги олий таълим муассасалари профессор-ўқитувчилари ҳамда талаба-ёшлар ўртасида танлов ва конференциялар ташкил этиш, табиий, аниқ ва ижтимоий фанларга оид тадқиқотлар ўтказиш, ўсимликлар дунёси хилма-хиллигини бойитиш, тупроқ унумдорлиги устида дала тажрибаларини ўтказишдан иборат.
– Ҳозирги кунда боғимизда нафақат университет тадқиқотчи олимлари, балки бошқа олий таълим муассасалари вакиллари ҳам илмий изланишлар олиб бормоқда, - дейди ботаника боғи директори, биология фанлари номзоди, доцент Шуҳрат Ҳамроқулов. – Боғни янгилаш, доривор ўсимликларни кўпайтириш, катта ҳажмдаги иссиқхона қуриш лойиҳаларини ишлаб чиққанмиз. Бунинг учун барча шароит мавжуд.
Беҳруз Шамсиддинов,
Самарқанд давлат университети ахборот хизмати ходими.