Самарқанд – Европа тикланиш ва тараққиёт банкининг «Яшил шаҳарлар» дастури аъзоси
16-18 май кунлари Самарқандда Европа тикланиш ва тараққиёт банки (ЕТТБ) бошқарувчилар кенгашининг навбатдаги йиллик йиғилиши ўтказилади. Айни пайтда юртимизда мазкур нуфузли тадбирга қизғин ҳозирлик кўриляпти.
Европа тикланиш ва тараққиёт банки мамлакатимизда ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларни амалга оширишда фаол иштирок этиб келаётган халқаро молия муассасаларидан бири ҳисобланади.
2022 йил маълумотларига кўра, ЕТТБ сармоялари ҳажми бўйича Ўзбекистон минтақада пешқадам бўлиб турибди. Банкнинг мамлакатимиздаги лойиҳалари портфели 3 миллиард евродан ошади, унда хусусий секторга инвестициялар улуши 50 фоизгача кўпайган.
Жумладан, юртимизда аҳоли сув таъминоти тизими ва марказлаштирилган иссиқлик таъминотини яхшилаш, электр энергетикаси соҳасини модернизация қилиш, «яшил иқтисодиёт»ни ривожлантиришга оид лойиҳаларда мазкур молия муассасаси фаол иштирок этмоқда.
Самарқанд Европа тикланиш ва тараққиёт банкининг «Яшил шаҳарлар» дастурига қўшилган юртимиздаги илк шаҳар ҳисобланади. Мазкур дастур бўйича Самарқанд шаҳар жамоат транспорти учун 350 та электробус харид қилиш ҳамда улар билан боғлиқ инфратузилмани яратиш бўйича лойиҳа амалга оширилмоқда.
Умумий қиймати 155 миллион доллар бўлган мазкур лойиҳа 2022-2025 йилларга мўлжалланган ва икки босқичда амалга оширилади.
Биринчи босқичда Самарқандга 2023 йил май ойига қадар 6 та ҳамда йил якунига қадар 94 та 10,5 метрлик электробуслар харид қилиш ҳамда уларни сақлаш учун парк ташкил этиш белгиланган.
Самарқанд вилояти инвестициялар ва ташқи савдо бошқармасининг маълумотларига кўра, лойиҳани амалга ошириш учун 2021 йил 7 июнда инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги, ЕТТБ, Самарқанд вилояти ва Самарқанд шаҳар ҳокимликлари ўртасида ўзаро англашув меморандуми имзоланган.
Лойиҳа оператори сифатида вилоят транспорт бошқармаси муассислигида «Самарқанд вилояти транспорт бошқармаси муассислигидаги Самарқанд йўловчитранс» давлат корхонаси қайта ташкил этилди. Электробусларини жойлаштириш учун умумий майдони 3,82 гектар бўлган автотранспорт парки танланган. Шунингдек, ўтган йил 100 та электробус ҳамда уларни қувватлантириш мосламаларини харид қилиш бўйича очиқ халқаро тендер эълон қилинди. Харид комиссиясининг 2022 йил декабрь ойидаги қарори билан икки босқичли тендер савдолари якунланиб, 2023 йил 10 февраль куни ғолиб ташкилот – “Yutong Bus Co., Ltd” (Хитой) билан 29,7 миллион долларга шартнома имзоланган. Ушбу шартнома асосида яқинда Самарқанд шаҳрига дастлаби 6 та замонавий электробус келтирилди. Йил якунигача қолган 94 та электробусни келтириш ҳамда мавжуд транспорт парки капитал қурилишини якунлаш кўзда тутилган.
Лойиҳанинг иккинчи босқичида эса 2024 йил биринчи чорагида 8,5 метрли 43 та, йил якунига қадар эса яна 207 та электробус харид қилиш ҳамда янги депо қурилиши белгиланган.
Бундан ташқари, 2024 йилда Самарқанд шаҳрининг инфратузилмаси ва атроф-муҳит билан боғлиқ муаммоларини бартараф этиш бўйича «Яшил шаҳар ҳаракатлар режаси» ишлаб чиқилиши учун халқаро консультантлар гуруҳи жалб этилган.
Мазкур лойиҳанинг амалга оширилиши кейинги пайтда йирик туризм ва халқаро форумлар марказига айланиб бораётган Самарқанд шаҳрининг инфратузилмасини янада яхшилаш ва замон талабларига мослаштириш, аҳоли ва сайёҳларга қулайлик яратишга хизмат қилиши шубҳасиз.