Самарқанд Италия билан ҳамкорлик алоқаларини мустаҳкамлайди

Вилоят ҳокимлигида Италиянинг Ўзбекистондаги Фавқулоддаги ва мухтор элчиси Aгостино Пинна (Agostino Pinna) билан учрашув бўлиб ўтди.

Учрашувда сиёсий, иқтисодий ва маданий-ижтимоий соҳаларда Италия билан ҳамкорликнинг бугунги ҳолати ва уни ривожлантириш истиқболлари ҳақида фикр алмашилди. Элчи мамлакатимизнинг ижтимоий ва иқтисодий соҳалардаги ютуқларини эътироф этиб, Италия томон ислоҳотларни тўлиқ қўллаб-қувватлашини билдирди.

Aгостино Пинна Самарқанд вилояти билан Италия ўртасида ташқи иқтисодий алоқалар, машинасозлик, ахборот технологиялари, озиқ-овқат саноати ҳамда таълим соҳасида ҳамкорлик тўғрисида сўз юритиб, икки мамлакат ўртасидаги алоқаларни янги босқичга олиб чиқишда бор имкониятини ишга солишини таъкидлади.

Маълумот ўрнида: бугунги кунда Италия компаниялари иштирокида Булунғур, Жомбой ва Паст Дарғом туманларида 3 та қўшма корхона фаолият кўрсатмоқда. 2020 йилда Самарқанд вилояти билан Италия ўртасидаги товар айланмаси 7 миллион АҚШ долларини ташкил этган.

Самарқанд вилояти ҳокимлиги ахборот хизмати.