Самарқанд жамоат транспорти. Унинг савиясини халқаро андазаларга тенглаштириш учун нима қилишимиз керак?

Бугунги кунда Самарқандда жамоат транспортининг аҳволи қандай?

Юзага келаётган муаммоларни қандай ҳал этиш мумкин?

Транспорт хизматида хориж тажрибалари бизда қачон қўлланилади?

Йўловчиларга қулайлик яратиш зарур

Самарқанд нафақат мамлакатимизда, балки Марказий Осиё минтақасидаги йирик шаҳарлардан бири ҳисобланади. Довруғи етти иқлимга машҳур, қадимий ва ҳамиша нав­қирон шаҳримиздаги ҳар бир ўзгариш, яратилаётган имкониятлар муҳим аҳамият касб этади. Негаки, Самарқанд ўзидаги тарихий-маданий осори-атиқалари, иқтисодий салоҳияти билан ҳамиша хорижлик меҳмонларнинг диққат-эътиборини тортиб келмоқда. Шунинг учун ҳам вилоятимизда, унинг маркази бўлмиш шаҳримизда аҳоли ҳамда чет эллик сайёҳлар учун жамоат транспорти хизмати кўрсатишни тубдан такомиллаштириш бугунги кун талаби.

Ўзбекистон Президентининг 2017 йил 10 январдаги "Аҳолига транспорт хизмати кўрсатиш ҳамда шаҳарлар ва қишлоқларда автобусларда йўловчилар ташиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарорида йўловчилар ташиш хавфсизлигини кучайтириш, кўрсатилаётган хизматлар сифатини ошириш, йўловчи ташиш соҳасида истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш режимини шакллантириш, йўл кира ҳақи учун нақд пулсиз тизимини жорий этиш каби вазифалар белгилаб берилди.

Шундан келиб чиққан ҳолда бугунги кунда Самарқандда жамоат транспортининг аҳволи қандай? Юзага келаётган муаммоларни қандай ҳал этиш мумкин? Транспорт хизматида хориж тажрибалари бизда қачон қўлланилади?

Ўзбекистон Халқ демократик партияси Самарқанд вилоят кенгаши бу борада ўз нуқтаи назарини билдириб келмоқда. Партия депутатлик гуруҳи томонидан тузилган ишчи гуруҳи мазкур масалада ўрганиш олиб борди.

Бугунги кунда вилоятимизда 323 та юк ва йўловчи ташишга ихтисослашган ташкилотларда жами 8827 та лицензияланган автотранспорт воситалари мавжуд. Шундан 765 та автобус, 115 та микроавтобус, 1709 та "Дамас", 3271 та йўналишсиз такси ва 2967 та юк автомашина бор. Мавжуд 399 та йўналишдан 290 таси ёки 72,6 фоизи фаолият кўрсатмоқда. Транспорт йўналишлари бўйича хизматлар кўрсатиш қамраб олинмаганлиги ва кўрсатилаётган хизматлар сифатининг пастлиги сабабли лицензия варақасига эга бўлмаган ноқонуний фаолият билан шуғулланувчи транспорт воситаларининг сони тобора ортиб бормоқда. Бундай ҳолат айниқса, Самарқанд шаҳрида кузатилмоқда. Натижада кўча ва йўлларда тирбандликлар юзага келмоқда.

Ечимини кутаётган масала кўп

Ушбу масала ўта жиддий ва ижтимоий аҳамият касб этади. Шаҳарда йўловчи ташиш тизимини янада яхшилаш ва тубдан такомиллаштириш борасида амалга оширилиши лозим бўлган қуйидаги ечимларни билдирмоқчимиз.

Кейинги пайтларда "ИСУЗУ" NP-37 ва NC-40 русумли автобусларнинг нархи кескин кўтарилиб кетганлиги ҳисобга олиниб, Самарқанд шаҳрида йўловчи ташиш автобуслари суюлтирилган газга мослаштирилган бўл­са, суюлтирилган газни заводдан ишлаб чиқарилган нархда лимит асосида берилишини йўлга қўйиш, инвестиция надбавкаси ва 1 м/куб учун тўланадиган истеъмол солиғидан озод этилиши лозим.

Самарқанд шаҳрида йў­ловчи ташиш фаолияти билан шуғулланувчи автобусларнинг чекланган тарифини бир йўловчи учун 1500 сўм, йўналишсиз таксиларнинг чекланган тарифини эса 1 километрга бир йўловчини ташиш нархини 1000 сўм қилиб белгилаш ҳамда чекланган тарифдан келтирилган зарарни маҳаллий бюджетдан, имтиёзли йўловчиларни ташишдан келтирилган зарар эса республика бюджетидан қопланиши мақсадга мувофиқ бўлади.

Ўзбошимчалик билан ноқонуний равишда ташкил этилган бекатчаларни назоратга олиш, Самарқанд шаҳридаги таъмирталаб кўчаларни шаҳардаги автотранспорт воситалари тирбандлигининг олдини олиш ва жамоат транспортининг самарали ҳаракатини ташкил этиш мақсадида таъмирлаш, шаҳарда ҳозирги кунда жадаллик билан ўсиб бораётган йўналишсиз таксилар сонини чеклаш масаласини кўриб чиқиш муҳим.

И.ҲАМРОЕВ,

"Ўзавтотранс" агентлиги вилоят бошқармаси бошлиғи.

Хориж тажрибасини бизда ҳам қўллаш керак

Оммавий ахборот воситаларидан бирида Канададаги жамоат транспорти тизимини ёритишибди. Ўқиб ҳайрон қолдим. Масалан, бир жойдан чипта сотиб  олсангиз неча марта транспорт алмаштирсангиз ҳам, автобусми, трамвайми, метрогами – ўша битта чипта амал қилар экан.

Яна бир шаҳарда чиптага 1 соату 45 дақиқа вақт белгиланар экан. Ўша вақт тугагунча сиз хоҳлаган жойингизга бориб қайтишингиз мумкин. Агар 1 соату 40 дақиқада ишингиз битиб, чиптангиз яроқлилик вақти тугашига 5 дақиқа қолганида автобусга чиқсангиз, ҳайдовчи чиптангизни бошқасига алмаштириб берар ва чипта яна 1 соату 45 дақиқа ўз кучида бўлар экан.

Шаҳарларда автобуслар тирбандлиги бўлмаслиги таажжубга солди. Йўлнинг ўнг чети автобуслар учун ажратилар, бу йўлда бошқа транспорт воситаларининг тўхташи, тўсиб қўйилиши қонун билан тақиқланган. Мабодо автобус йўли тўсиб қўйилса, полиция ўша ҳайдовчини жаримага тортар экан. Бир полосадан иборат йўлда олдингизда автобус бўлса, биздагидек уни қувиб ўтиш мумкин эмас экан. Бу қонунбузарлик ҳисобланади. Автобус автобуснинг ортидан кетаверади.

Ҳайдовчиларга қўйилган энг катта талаб йўловчиларга сифатли хизмат кўрсатиш ҳисобланади, деб ёзади ОАВ. Хушмуомалалик, йўловчиларни манзилига хавфсиз ва ўз вақтида етказиш уларнинг асосий вазифаси. Уларнинг либослари, исм-фамилияси ёзилган кўкрак нишонлари бўлади. Ҳайдовчиларга электрон девойслардан фойдаланишга рухсат берилмайди. Автобус ҳайдовчиларини қолган ҳайдовчилар ҳурмат қилишади ва уларга доимо йўл беришади.

Ёки Корея халқ демократик республикасини олайлик. Пхеньяннинг кенг кўчаларида шахсий автомобиллар жуда кам бўлиб, ҳеч қачон тирбандликлар кузатилмас, йўлкира автобусга ҳам, метрога бир хил экан. Таксилар яп-янги бўлиб, рулда машина маркаси ўрнига ҳайдовчи ҳақида маълумот туширилган қоғозни кўриш мумкин экан. Бизда ҳам бу борада бир ўзгаришлар бўлганди. Бироқ кейинги пайтларда уларни кам учратяпмиз.

Эгамурод ХОЛМУРОДОВ,

Самарқанд шаҳри.

Оқ "таxi"

Бугунги кунда ҳисобда турмаган таксиларни легаллаштириш – асосий муаммога айланган. Оқ "таxi" таксилар тизимини уч тоифага бўлиш мумкин. Эконом, комфорт ва бизнес йўналишлари бўлиб, чет эллик сайёҳларга комфорт ва бизнес йўналишлардаги таксилар хизмат қилади.

Корхона ҳайдовчилари буюртмадан тушган пулларнинг 15 фоизини корхонага, қолганини эса ўзларига олишади.

Ҳозирги шароитда таксилар машина тўлмагунча туриб олади ёки йўлма-йўл одам олиб кетаверади. Бу ҳеч қайси мамлакатда йўқ. Сариқ таксилар уюшмаси солиқдан қочиш учун 50 кишигача бўлган бир нечта уюшмачалар очиб олган.

Ҳайдовчидан кунига 35-45 минг сўм олишади. Ўртача 40 минг сўм бўлганда, 20 киши кунига 800 минг сўм тўлайди. Аммо 5 фоиз солиқ беришади. Яъни бир ҳайдовчи ҳисобига 1 ойда 40 минг сўм солиқ тўланади.

Шаҳримиз туристик шаҳар бўлгани учун диспетчерлик хизматини ривожлантирмасдан олдинга юриб бўлмайди.

Раҳмон ЯЗГАРОВ.

Автобошбекатларни четга чиқариш лозим

Ўтган 2018 йил давомида Ўзбекистон автомобиль транспорти агентлиги вилоят бошқармаси билан ҳамкорликда ўтказилган 882 та қўшма рейд тадбирлари натижасида жа­ми 6876 та автомобиль транспортида йўловчи ва юк ташиш фаолияти билан лицензиясиз шуғулланиш ҳо­латлари аниқланиб, 6876 нафар ҳуқуқбузарга нисбатан маъмурий чора кўрилди.

Бугунги кунда Самарқанд шаҳрига туманлардан кириб келаётган автотранспорт воситаларини тартибга солиш, шаҳар билан шаҳар атрофи йўналишларини боғлаш, шаҳарга кириб келаётган автотранспорт воситалари сонини камайтириб, тартибсизлик ва тирбандликларнинг олдини олиш мақсадида Шоҳи Зинда кўчасининг Даҳбед кўчасидан "Сиёб деҳқон бозори"гача бўлган қисмини кенгайтириш ишларини ниҳоясига етказиш керак.

Оқдарё, Пайариқ, Иштихон, Қўшработ туманларидан қатновчи йўловчи ташувчи транспорт воситалари учун шаҳардан ташқарида, М-37 "Самарқанд – Бухоро– Туркманбоши" автомобиль йўлининг 3-километр чап томонидан автошоҳбекат барпо этиш, Нуробод тумани ва Қашқадарё вилояти йўналишларида қатновчи йўловчи ташувчи транспорт воситалари учун А-378 "Самар­қанд – Ғузор" автомобиль йўлининг 6-километр ўнг томонида автошоҳбекат барпо этиб, туман шифохонаси олдида тўпланиб турадиган транспорт воситаларини кў­чириш лозим.

Шунингдек, "Сиёб автошоҳбекатини (Каптархона) А-377 "Самарқанд – Айний" автомобиль йўлининг 2-километр чап томони (Чумчуқли қишлоғи)га кўчириш, "Хазора" автобошбекатини 4Р-46 "Самарқанд – Жума – Каттақўрғон автомобиль йўлининг 5-километр ўнг томонига (собиқ "Чархин" ЙПХ маскани яқинига) жойлаштириш мақсадга мувофиқ бўлади.

 А.НОСИРОВ, вилоят ИИБ йўл ҳаракати хавфсизлиги

бошқармаси бошлиғи.

Бепул автотураргоҳлар қурилса

Шаҳар кўчаларида тирбандлик келиб чиқишини бошқа шаҳар ва қишлоқлардан шахсий машиналар ҳамда юк автоуловларнинг кириб келиши билан ҳам изоҳлаш мумкин. Чунки шаҳардаги ҳалқа йўлига бошқа шаҳарлардан катта трассалар келиб уланган. Хориж тажрибасида бу эътиборга олинган. Яъни, шахсий машиналарда келганлар учун ҳалқа йўли орқасида бепул автотураргоҳлар қурилган. Ҳайдовчи уловини шу ерда қолдириб, жамоат транспортида керакли манзилига боради ва ишини битириб қайтади. Бу билан шаҳардаги тирбандликнинг олди олинади. Шаҳар бюджетига, транспорт тизимига маблағ келиб тушади.

Мамадамин МАМАТҚУЛОВ, меҳнат фахрийси.

Ҳайдовчилар маош олмас экан

Жамоат транспорти учун йўлнинг ўнг томондаги бир йўлагини "А" ҳарфи билан белгилаш керак. Бекатларни савдо дўкони билан бирга қуриш тажрибасидан воз кечиш лозим. Чунки савдо дўкони бекатнинг 60-70 фоизини эгаллаб оляпти. Бекатларда рақамли табло қўйиш керак ва унда автобусларнинг оралиқ вақти кўрсатилган бўлиши, кечки вақтлари эса табло ёниб туриши керак. Автобусларга олдиндан миниб, орқадан тушиб кетиш тартибини жорий қилиш вақти етди. Бу йўловчилар учун қулайлик туғдиради. Хориж тажрибаси шундай. Соат 18:00 дан кейин жуда оз йўналишларда битта-яримта автобус кўринади. Бу йўловчи учун ноқулайликлар туғдиради. Вояга етмаган бақироқ болалар (кондуктор) меҳнатидан воз кечиш лозим. Агар кондукторлар керак бўлса, ўрта ёшли маданиятли фуқароларни ишга қабул қилиш даркор.

Кўпгина уюшмаларда ҳамшира ва техник ходим йўл варақасига муҳр қўйганлиги учун пул олади (1000 сўм). Ҳеч қандай тиббий кўрик, машиналарни текшириш деярли учрамайди. Уюшмага аъзо бўлганлар эрталаб бунинг учун келишади ва йўл варақаси учун пул ташлашади. Лекин бу пуллар китобда қайд қилинмайди. Таксиларда ўрнатилган таксометрлар яшириб қўйилган ё умуман қўйилмаган (лицензия олишда албатта, таксида бўлади, бўлмаса лицензия берилмайди).

Таксиларнинг қурилма панелида ҳайдовчининг фамилияси, исми, шарифи, иш вақти бошланиши ва тугаши, фотосурати, лицензия рақами, йўлкира қиймати, ташувчининг манзили ва телефон рақами) ёзилган бўлиш шарт. Аммо ҳозирча бундай таксилар жуда оз.

Такси ҳайдовчилари тарифни ўзи белгилайди, яъни савдо қилади. Айрим таксиларнинг санитария ҳолати ачинарли аҳволда: машина ичи ювилмаган, айримларининг салонидан нохуш ҳид анқиб туради. Баъзи ҳайдовчиларнинг муомала маданияти паст, баланд овозда мусиқа қўйиб, нос чекиб, сигарета тутатади. Булар дилни хира қиладиган ҳолатлар.

Такси ҳайдовчилари 8 соат ишлаши белгилаб қўйилганлигига қарамасдан, 10-12 соат ишлашади. Зўриқиш ноҳуш ҳолатларга олиб келиши мумкин. Ҳайдовчилар уюшмага 20 кун учун пул тўлайди. Қолган 10 кун хеч қаерда қайд қилинмайди.

Яна бир муаммо. Ҳайдовчиларга ойлик маош ёзилиб, меҳнат дафтарчаси очилган. Энг кам иш ҳақи миқдорида маош ёзилар экан. Лекин улар бу ойликни олмаганини  айтади.

 Ўктам САИДМУРОДОВ,

халқ депутатлари вилоят кенгашининг саноат, транспорт, қурилиш, алоқа, коммунал хўжалик ҳамда аҳолига хизматлар кўрсатиш муассасалар бўйича доимий комиссия раиси.

Чора-тадбирлар ижроси қандай?

Ўтган йилнинг август ойида вилоят ҳокимлигида ўтказилган йиғилишда жамоат транспорти хизматини яхшилаш юзасидан бир қатор чора-тадбирлар белгиланиб, мутасадди раҳбарларга вазифалар юклатилган эди. Хўш, у қандай адо этилди?

  1. Самарқанд шаҳрида 14 та махсус "TAXI" тўхташ жойларини ташкил қилиш.

Муддати – 2018 йил якунига қадар.

Амалда – бу иш бошланиш арафасида.

  1. Самарқанд шаҳрида 130 та замонавий автобус тўхтаб ўтиш бекатлари қуриш. Муддати – 2018-2019 йиллар.

Амалда – бошланган, лекин жуда суст.

  1. Шаҳардаги 118 та автобус бекатларини таъмирлаш, тоза сақлаш, ортиқча реклама ёзувларга йўл қўймаслик.

Муддати – 2018 якунига қадар.

Амалда – бугунги кун талабига тозалик жиҳатидан ҳам жавоб бермайди. Ортиқча рекламалар жуда кўп.

  1. Шаҳарга туманлардан кириб келаётган ноқонуний йўловчи ташиш фаолияти билан шуғулланаётган автотранспорт воситаларини аниқлаш учун доимий равишда рейд ўтказиш.

Муддати – 2018-2019 йиллар.

Амалда – рейд ўтказиляпти.

  1. Жетон ва пластик карточкалар сотилаётган 12 та шохобчалар сонини яна 5 тага кўпайтириш (СамДАҚИ, Суғдиёна, Универ­ситет хиёбони, Даҳбед кўчаси, Кимёгарлар шаҳарчаси).

Муддати – 2018 йил. Амалда – шохобчалар келтириб қўйилган, лекин ҳали ишга тушгани йўқ.

  1. Шаҳар автобус йўналишларидаги автобуслар ҳаракатини назорат қилиш учун ҳар бир автобусга GPRS ўрнатиш ва "Ўзавто­транс"да марказлашган кузатув хонасини ташкил этиш. Муддати – 2018 йил охиригача.

Амалда – 438 та автобусдан 46 тасида GPRS ўрнатилган, лекин улар марказлашган кузатув  хонаси билан боғланмаган. Кузатув хонасига  туширилмаган. Хуллас, мамлакатимизда кенг қамровли, инсон манфаатига хизмат қиладиган бунёдкорлик ишлари тобора жадал тус олмоқда. "Обод қишлоқ" ва "Обод маҳалла" дастурлари ҳаётга кенг татбиқ этилмоқда. Шаҳар ва қишлоқларимиз равнақ топаяпти. Қишлоқ ва шаҳарларимизда аҳолига транспорт хизмати кўрсатиш ҳам шунга яраша бўлмоғи лозим.

Йўловчи нима дейди?

Зафар ДЎСАНОВ: – Айрим автобуслар йўналишларида автобус кам қўйилган. Оқибатда одамлар ишга, талабалар дарсга вақтида етиб боролмаяпти. Тирбандлик эса ошиб тушмоқда. Таклифим, ҳеч бўлмаганда эрталаб ва кечки пайтларда автобус қатнови оралиғини қисқароқ қилиш ёки қўшимча транспорт қўйиш лозим. Таксилар нархини 4000 сўмдан тушириш керак.

Шаҳзоджон РАҲИМОВ: – Бақироқ чиптачилардан воз кечиш керак. Улар орасида мактаб ўқувчилари ҳам бор.

Фотима УСМОНОВА: – Эскириб кетган автобусларни янгилаш лозим. Уларнинг ҳаракатланишини кеч соат 22:00 га қадар узайтириш керак. Бироқ автобусларнинг кўпи соат 18:00 дан кейин ишламайди, соатлаб кутиб қоламиз.

Зулфия БЕКМУРОТОВА: – "Пайариқ – Челак" йўналишида қатнайдиган автобусда йўл нархи турлича. Одам кўп бўлса нархи ҳам ошади. Масалан бири 500 сўм, иккинчиси эса уялмасдан 1000 сўм талаб қилади.

Азиз муштарий!

Кўтарилган муаммо ниҳоятда долзарб. Ўзбекистон халқ демократик партияси вилоят кенгаши ушбу масалани халқ депутатлари вилоят Кенгаши сессиясига олиб чиқишни режалаштирган. Ишчи гуруҳи ушбу масалани имкони борича ўрганиб чиқди, тўпланган маълумотлар, масъуллар ва мутахассислар фикри эътиборингизга ҳавола этилаётир. Аммо биз қатъий ва тўғри хулосага келиш учун сиз, азиз муштарийлар нуқтаи назари ҳамда таклифларингизни билмоқчимиз. Мулоҳазаларингизни 233-91-54, 233-91-53 телефонлари орқали етказишингизни сўраймиз.

Саҳифани Ўзбекистон Халқ демократик партияси вилоят кенгаши материаллари асосида "Зарафшон" мухбири Адҳам ҲАЙИТОВ тайёрлади.