Самарқанд кўчасида жойлашган мебель дўконида ёнғин содир бўлди

Жорий йилнинг 15 декабрь куни соат 06:15 да Тошкент вилояти Чиноз тумани, Самарқанд кўчасида жойлашган “Ибрат” хусусий корхонасига қарашли мебель дўконида ёнғин содир бўлаётганлиги ҳақида ёнғин-қутқарув қисмига хабар келиб тушган.

Хабар асосида воқеа жойига 5 та ёнғин ўчириш бўлинмалари юборилган. Биринчи бўлинмалар чақирилган манзилга 3 дақиқада етиб борган.  Кўрилган тезкор ҳаракатлар натижасида ёнғин соат 06:56 да қуршаб олиниб, соат 07:03 да тўлиқ бартараф этилган. Тан жароҳати олганлар ва ҳалок бўлганлар йўқ.

Ҳодиса оқибатида дўконнинг 100 квадрат метр майдонида томи, шифти ички қисми ва мебеллари ёнган. Аланганинг қўшни дўконларга ўтиб кетиши олди олинган.

ФВВ ЁХББ ОАВ билан ҳамкорлик қилиш бўлинмаси хабарига кўра, ҳозирда ёнғин сабаби ва моддий зарар миқдори аниқланмоқда.