Самарқанд музейи дурдонаси: "Шердор" мадрасаси

Рассом Лев Бурэ қаламига мансуб “Шердор” номли асар 1913 йилда яратилган. Асар Самарқанд давлат музей-қўриқхонасига қарашли Ўзбекистон маданияти тарихи давлат музейининг санъат бўлими экспозициясидан ўрин олган, музей-қўриқхона фондидаги дурдона асарлардан бири.

Картинанинг биринчи кўринишида дунёга машҳур меъморий ёдгорлик – Регистон мажмуасидаги Шердор мадрасаси олд қисми ва ён томонидаги ёйма бозор тасвирланган. Сурат кўз ўнгингизда бетакрор тарихий манзарани жонлантиради. Мусаввир қадим усталарнинг такрорланмас санъати намунаси бўлмиш бу бино тасвири орқали томошабин онгида эзгуликнинг, инсон заковати, истеъдоднинг қудрати ҳақидаги чуқур мулоҳазаларни уйғотади. Мадрасанинг нураб ётган қисми эса кишини аждодларимиз яратган буюк обидаларни авайлаш, уларни ўз вақтида қадрлашга ундайди. Ўтмиш давр руҳини одамларнинг турмуш тарзи, аҳолининг ижтимоий аҳволи ва давр нафаси сезилиб турган либослар орқали тасвирлайди.

Рассом барча тарихий асарлари орқали томошабин нигоҳини уларнинг юксак маънавий оламига, ўша давр одамлари ҳаёт тарзига, санъат оламига қаратади. Асардаги ранглар мутаносиблиги ҳам шакл ва мазмунни очишдаги ўрнини белгилаб турибди.

Рассом ҳали ҳаётлик вақтида унинг тарихий манзараларини намоён қилган асарларига ғарбий европаликларда катта қизиқиш уйғонганди. Шу сабабли вафотидан сўнг ҳам бу анъана  давом этди ва ушбу асар 2010 йилнинг 18 декабридан 2011 йилнинг 8 майига қадар Нидерландия қироллигининг Гронген музейидаги халқаро кўргазмада намойиш қилинди.

Т.БЎРИЕВ,

Самарқанд давлат музей-қўриқхонаси илмий ходими.