Самарқанд шаҳрида 4 миллиард 141 миллион 280 минг сўм пул кимларга берилади?
Бугун кўҳна кентнинг ҳар бир маҳалласида давлатимиз раҳбарининг топшириқлари асосида эҳтиёжмандларга пул маблағлари тарқатилмоқда. Яъни, эҳтиёжманд оилаларнинг 7 тоифаси қамраб олган рўйхат асосида пандемия даврида қийналиб қолган оила қўллаб-қувватланмоқда.
Бунинг учун секторларга хизмат кўрсатувчи ҳар битта банкдан 4 нафардан кассир бириктирилган. Улар секторлар ишчи гуруҳи, маҳалла раиси ва профилактика инспектори иштирокида “темир дафтар”га киритилган хонадонларда бўлмоқда.
Самарқанд шаҳридаги 1-сектор ҳудудуда жойлашган Кўл маҳалласида 33 та оила камбағал оилалар рўйхатига киритилган. Тўғри, давлат ва нодавлат ташкилотлари, саховатпеша инсонлар мунтазам равишда уларнинг ҳолидан хабар олиб келмоқда. Президентимиз ташаббуси ёрдамга муҳтож оилаларда яшовчи аҳоли жон бошига 220 минг сўмдан бир марталик пул маблағларининг берилиши ушбу хонадонлар учун қўшимча рағбат бўлди.
Маҳаллада яшовчи Раббим Жабборов биргина пенсия пули билан оиланинг 4 нафар аъзосини боқиш, умуман рўзғор тебратишда бироз қийналиб қолганди. Ишчи гуруҳ у кишининг хонадонига ташриф буюриб, 880 минг сўм пул берди.
Шу маҳалланинг 3 йил олдин инсульт ташхиси билан хасталанган яна бир фуқароси Рафиқ Сафаровнинг зиммасида 8 кишини боқиш масъулияти турибди. Пандемия туфайли қийин бир вазиятда қолганда Р.Сафаровга 1 миллион 760 минг пул берилиши, айни муддао бўлди.
Бундай хайрли ва эзгу ишлар Самарқанд шаҳрининг 4 та секторида ҳам давом этмоқда. Қайд этиш лозимки, “темир дафтар”га киритилган оилаларнинг ҳар бир аъзосини қўллаб-қувватлашга қаратилган ҳаракат доирасида 4 миллиард 141 миллион 280 минг сўм пул маблағлари тарқатилади.
Бундан аввалроқ, Қурбон ҳайити байрами олдидан шаҳардаги камбағал оилаларга миллион сўмдан жами 1 миллиард 348 миллион сўм пул маблағлари берилган.
Ёқубжон Марқаев.