Самарқанд шаҳрида 40 йиллик ўқитувчи ноҳақ ишдан бўшатилган. Суд уни ўз лавозимига қайта тиклади
Албатта, ким қонунни буздим, дейди. Ҳар икки тараф, яъни жавобгар - Самарқанд шаҳридаги мактаблардан бирининг директори ва даъвогар ўқитувчининг судда берган кўрсатмаси ҳам шундай.
Суд дастлаб, даъвогарнинг кўрсатмаларини тинглади:
- Аслида ишдан бўшатилишимга ўз ҳақимни талаб қилганлигим сабаб бўлди, - дейди 1981 йилдан буён ўқитувчилик қилиб келаётган Мукаррам Норимова (исм, фамилиялар шартли). - Чунки раҳбарнинг ноқонуний хатти-ҳаракатлари юзасидан ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига мурожаат қилгандим. Бунга жавобан директор ўтган йилнинг август ойидаги иш ҳақимдан олиб қолди. Ноҳақлик бўйича вилоят ҳокимлигига шикоят-ариза ёзганимдан сўнг ушлаб қолинган пулларимни қайтариб беришди.
Табиийки, раҳбар ўз ходими олдида юзи шувут бўлиб қолганлигидан аччиғи чиққан. Шу боис у барча ўқитувчиларни “ёзувчи”га қарши қўйиб, у дарс бераётган ўқувчининг отасидан бўҳтон аризани ёздириб олиб, 2019 йил 19 октябрда меҳнат шартномасини асоссиз ва ноқонуний равишда бекор қилади.
- Бир ярим йилдан бери мактаб директори лавозимида ишлаб келаяпман, - дейди Санобар Бўтаева. - Унгача шаҳар халқ таълими бўлимида ишлаганман. Бошида Мукаррам Норимова билан яхши муносабатда бўлганман. Раҳбар сифатида ҳамма қатори ундан ҳам тартиб-интизомни талаб қилганман. Аммо у ўзи дарс бераётган синфдаги ўқувчининг шахсига тегадиган сўзларни айтган. Бу ҳақда ўқувчининг отаси ёзган ариза асосида у билан тузилган меҳнат шартномаси бекор қилинган.
Директорнинг изоҳлашича, бу ҳолат ички меҳнат тартиб-қоидаларининг 2.28-банди талабларига кўра, даъвогар билан тузилган меҳнат шартномасини бекор қилишга асос бўлади.
Аммо қонунда низони кўриш вақтида иш берувчига меҳнат шартномасини бекор қилиш асослилигини исботлаб бериш масъулияти юклатилган.
Ушбу ҳолатда ходим айбли хатти-ҳаракатни тан олмаганлиги, иш берувчи эса ходимнинг айбли хатти-ҳаракати, яъни даъвогар ўқувчини ҳақорат қилганлигини судда исботлаб беролмаганлиги сабабли мактаб директорининг меҳнат шартномасини бекор қилиш ҳақидаги буйруғи ғайриқонуний, деб топилди.
Суд қарорида Мукаррам Норимовани аввалги лавозимига ишга тиклаб, мактаб ҳисобидан унинг фойдасига мажбурий прогул вақтлари учун иш ҳақи ундириш белгиланди.
Шунингдек, 446 минг сўм давлат божи мактаб ҳисобидан ундириладиган бўлди.
Ю.МУҲАММАДИЕВА,
фуқаролик ишлари бўйича Самарқанд шаҳар суди судьяси.