Самарқанд шаҳрида тадбиркорнинг 6,4 млрд сўм маблағини қимор ўйинларига ютқазган ҳисобчи аниқланди

Ҳолат Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг Самарқанд шаҳри бўлими томонидан тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш юзасидан ўтказилган терговга қадар текширувда фош этилган.

Маълум бўлишича, “Ph.l.” МЧЖда ҳисобчи лавозимида ишлаган Б.М. банк электрон калитларидан фойдаланиб, МЧЖнинг 6,4 млрд. сўм маблағини сохта маълумотларни расмийлаштириш орқали ўзининг номига очилган пластик карталарга ўтказиб олган. Ушбу маблағларни интернет тармоқларидаги қимор ўйинларида ютқазган.

Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 167-моддаси (ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш) ва 228-моддаси (ҳужжатлар, штамплар, муҳрлар, бланкалар тайёрлаш, уларни қалбакилаштириш, сотиш ёки улардан фойдаланиш) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.