Самарқанд шаҳридаги 186 та автобекатларнинг 14 таси таъмирталаб

Жорий йилнинг 10 март куни Zarnews.uz телеграм канали орқали “Бекатлар эгасиз қолдими?” рукни остида мақола чоп этилган эди. Унда “Сиёб деҳқон бозори” яқинидаги трамвай бекати қаровсиз ҳолга келганлиги, катта ойналари синганлиги, бекат ичкарисида чиқиндилар сочилиб ётганлиги ҳамда ўриндиқлари йўқлиги кўрсатиб ўтилган.

Самарқанд вилояти транспорт бошқармаси ходимлари томонидан мақолада кўрсатилган бекатлар ва Самарқанд шаҳридаги бошқа оралиқ бекатлари ўрганиб чиқилди. Ўрганишлар натижасига кўра, бугунги кунда шаҳримизда 186 та автобекатлар мавжуд бўлиб, шундан 14 таси таъмирталаб аҳволда.

Жумладан, Кимёгарлар шаҳарчасида 1 та, Гагарин кўчасида 3 та, Фарҳод шаҳарчасида 1 та, Ўзбекистон кўчасида 1 та, Спитамен кўчасида 3 та, Навоийшоҳ кўчасида 1 та, “Ҳазора автобошбекати” ёнида 1 та, Ҳарбийлар шаҳарчасига кириш жойида 1 та, Шоҳи Зинда кўчасида 2 та ана шундай бекатлар мавжуд.

Юқоридагиларни инобатга олиб, шаҳардаги таъмирталаб автобекатларнинг таъмирланишига ва жиҳозланишига, қурилиши режалаштирилган янги автобекатларни келишилган лойиҳа асосида қуриш ва реконструкция қилиш бўйича Самарқанд шаҳар ҳокимиятига хат билан мурожаат қилинди.

Самарқанд вилояти транспорт бошқармаси ахборот хизмати.