Самарқанд шаҳридаги мактабларнинг қачон очилиши маълум бўлди
Самарқанд шаҳри мактабларида таълим жараёни 14 сентябрдан oнлайн 21 сентябрдан анъанавий тарзда 2 та мактабда 1-4 синфлар учун босқичма-босқич бошланади.
Ёшлар марказида бўлиб ўтган Халқ депутатлари Самарқанд шаҳар Кенгашининг навбатдаги ўн иккинчи сессиядаги асосий эътибор умумтаълим мактаблари ва мактабгача таълим муассасаларининг фаолиятига қаратилди.
Шаҳар Кенгаши раиси Б.Облоқулов олиб борган сессияда дастлаб шаҳар халқ таълими бўлими мудири Н.Садинованинг ахбороти эшитилди. Таъкидланишича, шаҳар халқ таълими бўлими тасарруфида 81 та умумтаълим мактаби, 1 та “Баркамол авлод” болалар маркази ва Самарқанд давлат университети ҳузуридаги аниқ ва табиий фанларга ихтисослаштирилган мактаб фаолият юритмоқда. Ушбу таълим муассасаларида 5 119 нафар педагог-ходим 96 минг 831 нафар ўқувчиларга таълим-тарбия бериб келишмоқда.
Жорий йилнинг 25-26 август кунлари мавжуд барча мактаблардаги ўқувчиларнинг ота-оналари билан суҳбатлар ўтказилди. Сўровномада 92,2 фоиз ўқувчиларнинг ота-оналари иштирок этган. Сўровнома натижасига кўра 69,1 фоиз ота-оналар фарзандларини онлайн тарзда таълим олишларини билдирган бўлса, 30,9 фоиз ота-оналар анъанавий таълимни афзал кўрган. Бироқ, ота-оналарнинг катта қисми бошланғич таълимни анъанавий тарзда давом эттириш бўйича ўз таклифларини билдирган.
Мавжуд ҳолатдан келиб чиқиб барча умумтаълим мактабларини янги ўқув йилига тайёргарлиги ва белгиланган карантин талабларини амалга ошириш учун етарли шароитнинг яратилганлигига қараб босқичма-босқич мактабларда анъанавий таълимнинг йўлга қўйилиши режалаштирилган. Шунингдек, мактаб микроҳудудидаги маҳаллаларнинг "қизил", "сариқ" ва "яшил" ҳудудларга бўлиниши ҳам эътиборга олинди.
Умумтаълим мактабларида анъанавий таълим жараёнларини бошлаш борасида ўрганиш натижалари ва муассасалардаги тайёргарлик жараёнларининг атрофлича муҳокамасидан сўнг депутатлар мактаблардаги мавжуд ҳолат бўйича шаҳар санитария-эпидемиология осойишталик марказининг тегишли хулосасига кўра анъанавий таълимга рухсат берилишига келишилди. Бунда ҳам босқичма-босқич, фақатгина бошланғич синфлар учун анъанавий таълим йўлга қўйилиши белгиланди.
Жорий йилнинг 21 сентябрдан шаҳардаги 9 ва 58-мактабларнинг 1-4 – синфлари учун анъанавий таълим жараёнини бошлашга рухсат берилди. Шуни таъкидлаш ўринлики, мактабларда анъанавий таълим фақатгина шаҳар санитария-эпедимиология ва осойишталиги маркази хулосасига кўра амалга оширилади.
Сессияда шунингдек, шаҳар давлат мактабгача таълим ташкилотлари фаолиятини бошлаш масаласи ҳам кўриб чиқилди. Муассасаларнинг тайёргарлиги мутахассислар ва Кенгаш депутатлари томонидан ўтказилган мониторинг натижаларидан келиб чиқиб, мактабгача таълим ташкилотлари фаолиятини бошлашга рухсат бериш масаласи навбатдаги сессияда қайта кўриб чиқилиши белгиланди.
Сессия кун тартибида кўрилган барча масалалар бўйича тегишли қарорлар қабул қилинди.
Шунинг билан шаҳар Кенгашининг ўн иккинчи сессияси ўз ишини якунлади.
Самарқанд шаҳар ҳокимлиги Ахборот хизмати.