Самарқанд шаҳрининг Буюк Ипак йўли, Амир Темур ва Али Қушчи кўчаларидаги ичимлик суви тармоқлари янгиланяпти

Самарқанд шаҳрининг айрим магистрал кўчалари остидан ўтган ичимлик суви тармоқларининг кўп йиллардан буён хизмат кўрсатаётганлиги сабабли техник жиҳатдан тармоқларда носозликлар юзага келмоқда. Жумладан, Самарқанд шаҳридаги Буюк Ипак йўли кўчасидан ўтган диаметри 500 мм.ли юқори босимли магистрал ичимлик тармоғи 1969 йилда қурилган бўлиб, бугунги кунда эскирганлиги боис носозликлар келиб чиқмоқда. 

Жорий йил мобайнида уч маротаба худди шундай носозликлар кузатилди. Яъни, 2019 йил май ойида “Ниҳол” ресторани яқинидаги дўкон остида диаметри 500 мм. бўлган юқори босимли ичимлик суви тармоғида юзага келган техник носозлик оқибатида минимаркетнинг бузилиши ва тармоқни таъмирлаш ишлари олиб борилди ва ушбу ҳудуддаги кўп қаватли уйлар аҳолисига узатиладиган ичимлик суви икки кунга тўхтатилди.

2018-2019 йилларда Самарқанд шаҳрини комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича давлат дастурларига асосан 2018 йилда лойиҳанинг биринчи босқичи якуни бўйича 1,85 км. шаҳар кўчаларидаги ички ичимлик суви тармоқлари алмаштирилган эди. 2019 йил якунигача лойиҳанинг иккинчи босқичи, яъни шаҳардаги 11 та кўчада 7,3 км. ичимлик суви қувурларини алмаштириш кўзда тутилган.

Ҳозирда шаҳарнинг Буюк Ипак йўли кўчаси, Амир Темур ва Али Қушчи кўчалари оралиғида диаметри 500 мм., узунлиги 1087 метр бўлган ичимлик суви тармоқларини алмаштириш ишлари олиб борилмоқда. Сув қувурлари шу ойнинг 15 санасигача фойдаланишга топширилиши мўлжалланган. Ҳозирги кунда барча жойларда иш жараёнлари қизғин давом этмоқда.