Самарқанд вилоят ҳокимининг сайёр қабулида 280 дан ортиқ фуқаронинг мурожаати ўрганилди

Аввал хабар берганимиздек, бугун 23 май куни вилоят ҳокими Эркинжон Турдимов Самарқанд туманидаги вилоят саломатликни тиклаш шифохонаси ҳудудида оммавий сайёр қабул ўтказди. Қабул чоғида фуқароларнинг қонуний манфаатларини ҳимоялаш, уларни қийнаётган муаммоларни бартараф этиш, адолатни қарор топтиришга алоҳида эътибор қаратилди.

Оммавий сайёр қабул жараёнида 280 нафардан зиёд фуқароларимизнинг турли ижтимоий, иқтисодий ва маиший масалаларда қилинган мурожаатлари диққат билан тингланиб, бу ҳолатларни масалага дахлдор раҳбарлар иштирокида чуқур таҳлил қилган ҳолда бартараф этиш чоралари кўрилди.

Аксарият мурожаатларда келтирилган муаммолар ўз жойида ҳал этилиб, мурожаатчининг талаби қондирилди. Маълум муддат тақозо этиладиган мурожаатлар бўйича тегишли мутасаддиларга топшириқлар, мурожаат эгаларига эса ҳуқуқий тушунчалар берилди.

Сайёр қабул муносабати билан ҳудудда меҳнат ярмаркаси ташкил этилди. Шунингдек, мобил давлат хизматларини кўрсатишга мўлжалланган кўчма микроавтобусда аҳолига тез ва сифатли хизмат кўрсатиш имкони ҳам яратилди.