Самарқанд вилояти ва Шэньси провинцияси ўртасида ҳамкорлик алоқалари ривожланади
Кеча Самарқанд вилояти ва Шэньси провинцияси ўртасида иқтисодий ҳамкорлик бўйича битим имзоланганлиги ҳақида хабар берган эдик. Бугун вилоят ҳокими Эркинжон Турдимов Шэньси провинцияси ҳамда Сиан шаҳри партия раҳбарлари билан учрашди.
Учрашувда Самарқанд вилояти ва Шэньси провинцияси ўртасида дўстлик ва ҳамкорликни ривожлантириш, томонлар ўртасида дўстона муносабатларни мустаҳкамлаш, шериклик алоқаларини ўрнатиш, иқтисодиёт, фан ва техника, маданият ва таълим, туризм, тарихий ёдгорликларни муҳофаза қилиш ва тадқиқ этиш соҳаларида турли шаклларда алмашинув ва ҳамкорликни амалга ошириш масалалари келишиб олинди.
Ўзаро манфаатли инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш, товар айрибошлашни кенгайтириш, савдо кўргазмалари ва ярмаркалар каби йирик тадбирларда фаол иштирок этиш масалалари ҳам муҳокама марказида бўлди.
Учрашув якунида Эркинжон Турдимов Шэньси провинцияси ҳамда Сиан шаҳри раҳбарлари ва тадбиркорларини Самарқандга таклиф қилди. Тез кунларда икки минтақа тадбиркорлари ўртасида бизнес-форум ва учрашувлар ўтказиш белгиланди.