Самарқанд вилояти ХТБ: Мактабларда ўқув йили давомида, шунингдек, ўқув йили якунида пул йиғиш қатъиян тақиқланган
Ижтимоий тармоқларда айрим жойларда мактаб таъмири учун пул йиғилаётгани ва бу ота-оналарнинг эътирозига сабаб бўлаётгани ҳақида хабарлар тарқалмоқда.
Албатта, биз ҳам мактабларда бундай йўл тутилишини ёқламаймиз ва бунга қаршимиз.
Ушбу масала юзасидан халқ таълими вазири Ш.Шерматов ўз муносабатини билдирди ва мактаблар маъмуриятига мурожаат қилди: “Бу жараён фақат ихтиёрий равишда бўлиши керак. Агарда кимдир ўз фарзандининг ўқишига қўшимча шароит яратмоқчи, ниманидир таъмирламоқчи ёки мактабга яна қандайдир ёрдам бермоқчи бўлса, уни бемалол қилиши мумкин. Жойларда мактабларнинг моддий-техник аҳволи қандай эканлигини ота-оналар яхши билишади. Лекин ҳаммага бир хил ёндашиб, ота-оналардан мажбурий пул йиғиш ҳолатларининг олдини олиш керак. Ҳозирги пандемия шароитида кўпчилик иқтисодий қийинчиликни бошидан ўтказмоқда. Шунинг учун ҳам бу масалада мактаб маъмуриятидан тўғри ёндашувни таъминлашини сўраймиз”.
Ҳозирги кунда мактабларда Кузатув кенгашлари фаолият юритмоқда. Кузатув кенгаши аъзолари бюджетдан ҳамда қўшимча ишлаб топилган маблағларнинг самарали ва мақсадли сарфланишини назорат қилиш ваколатига эга.
Умумий ўрта таълим мактабларида ўқув йили давомида, шунингдек, ўқув йили якунида пул йиғиш қатъиян ман этилади. Жумладан, оммавий тадбирлар, мактаб маъмурияти ва ўқитувчилари учун, синф фонди, мактаб фарроши, бундан ташқари, мактабни таъмирлаш ва бошқа харажатлар учун пул йиғиш тақиқланади. Ушбу талаб тўғрисида туман, шаҳар халқ таълими бўлимлари мудирлари ва барча мактаб директорлари қатъий огоҳлантирилган.
Агарда вилоятимиздаги умумтаълим муассасаларида ноқонуний пул йиғиш ҳолатлари рўй берса, вилоят халқ таълими бошқармаси бошлиғининг телеграм мессенжерига — @SamVXTB ҳамда қуйидаги телефон рақамлари орқали мурожаат қилишингиз мумкин: (66) 238-88-28, (66)238-88-04.
Самарқанд вилояти халқ таълими бошқармаси.