Самарқанд халқ таълими муассасаларида ўқув йили якуни ва келгусидаги вазифалар муҳокама қилинди
Самарқанд вилояти халқ таълими бошқармаси бошлиғи Саидаҳмад Усмонов раҳбарлигида ZOOM дастури орқали 2019-2020 ўқув йили якуни, битирувчиларни олий таълимга қамраб олиш, янги ўқув йили олдидан аниқ вазифаларни белгилаш, ўқитувчилар билим ва малакасини ошириш, мактабларни аттестация ва аккредитациядан ўтказиш, дарсликларни такомиллаштириш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш, умумтаълим муассасаларининг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш масалаларига бағишланган онлайн видеомулоқот бўлиб ўтди.
Карантин қоидаларига қатъий риоя қилган ҳолда ташкил этилган видеомулоқотда вилоят халқ таълими бошқармаси бошлиғининг ўринбосарлари ва бўлим бошлиқлари, туман ва шаҳар халқ таълими бўлимларининг мудир ва мудир ўринбосарлари, мутахассислар, вилоятдаги таянч мактабларнинг директорлари ZOOM дастури орқали жойлардан қатнашди.
— 2019-2020 ўқув йили юртимизда ҳукм суриб турган карантин шароитидан келиб чиққан ҳолда якунланди, — деди Саидаҳмад Усмонов. — Ўқув йилининг 4 чораги, айниқса, халқ таълими соҳаси учун ҳақиқий синов бўлди. Ушбу жараёнда ўқувчиларнинг таълим-тарбиясини узлуксиз давом эттиришда Халқ таълими вазирлигининг ташаббуси, фидойи ва жонкуяр ўқитувчиларнинг хизмати катта аҳамиятга эга бўлди. 26 мартдан 25 майга қадар МТРК билан ҳамкорликда 3 та телеканалда 3900 та онлайн дарс тайёрланиб эфирга узатилди. Барча ҳудудларда ушбу телеканалларнинг кўрсатиши ҳам алоҳида инобатга олинди. Ўқитувчиларнинг масофадан ишлаши учун ҳам зарур шароитлар яратилди. Муҳими, ушбу шароитда ўқитувчиларнинг ойлик маошлари юз фоиз тўлаб берилди.
Бугун вилоят халқ таълими тизимидаги бирор бир кўрсаткичдан кўнглимиз тўлмайди, бир зум хотиржамликка берила олмаймиз. Негаки, ютуғимиздан кўра, камчиликларимиз фаолиятимиз давомида намоён бўлмоқда. Албатта, бу камчиликлар бугун эмас, йиллар давомида юзага келган. Аммо муаммолар занжирини узиб, ўсиб келаётган авлодга замонавий ва мукаммал таълим-тарбия бериш, ўқитувчиларни мунтазам ўз устида ишлашга ундаш, тизимдаги ўзибўларчилик, коррупция каби иллатларга чек қўйишнинг вақти аллақачон етди.
Қўлдош Саидов, умумий ўрта таълим муассасалари фаолиятини мувофиқлаштириш бўлими бошлиғи:
— Ўтган ўқув йилида 11-синф битирувчиларининг олий таълим муассасаларига ўқишга кириш кўрсаткиси вилоятнинг республикадаги кўрсаткичи ниҳоятда салбий ҳолатни қайд этганди. Ушбу камчиликлардан келиб чиқиб, 2019-2020 ўқув йили давомида мактабларни битираётган 53589 нафар битирувчилардан сўровномалар ўтказилиб, уларни ОТМга қамровини ошириш масаласига алоҳида эътибор қаратдик. Сўровнома натижасига кўра, битирувчиларнинг 50317 нафари педагогика (55,7 %), тиббиёт (11,9 %), ижтимоий-иқтисодий соҳа (6,9 %), қурилиш (3,4 %) ва бошқа йўналишлар бўйича олий таълим муассасаларига ўқишга ҳужжат топшириш истагини билдиришди. Битирувчиларга ДТМ томонидан ишлаб чиқилган abitur.dtm.uz сайти имкониятларидан кенгроқ фойдаланиш бўйича йўриқномалар кенг тарғиб қилинди.
Мактаб битирувчиларининг олтин ва кумуш медалларига тавсия этилганлиги ҳолатини ҳар бир туман, шаҳар халқ таълими бўлими танқидий таҳлил қилиб, бу борадаги камчиликларни келгусида такрорламаслик, ўқувчи ва ўқитувчиларнинг билим ва кўникмаларини ошириш талаб этилади.
Битирувчиларга шаҳодатнома ва аттестатларни ўз вақтида етказиш, 9- ва 11-синф ўқувчиларининг баҳоларини attestat.uzedu.uz сайтига киритиш, ИДУМ(И)лардаги таълим сифати ва самарадорлигини ошириш каби муҳим вазифаларни ўз вақтида амалга ошириш талаб этилади.
Низомиддин Одилов, методика бўлими бошлиғи:
— Халқ таълими вазирлиги томонидан амалга оширилган “Online-maktab” лойиҳаси энди “Online-ta’til” асосида давом этади. Бунда нафақат ўқувчилар, балки ўқитувчиларнинг салоҳияти, ўз мутахассислигига доир билимини ошириш, уларнинг ахборот коммуникация технологияларидан самарали фойдаланиш кўникмаларини мустаҳкамлаш, билимини синовдан ўтказиш жараёнларига алоҳида эътибор қаратилади.
Бугунги кунга қадар ўқув дарсликларида бир қатор камчиликларга йўл қўйиб келинганлиги сир эмас. Эндиликда нафақат бу камчиликларни бартараф этиш, шу билан бирга, дарсликларни такомиллаштириш механизми ишлаб чиқилмоқда. Бунда энг аввал, халқ таълими соҳасида меҳнат қилаётган барча ўқитувчилар, умуман, кенг жамоатчиликнинг фикри, таклиф ва мулоҳазаларини олишга алоҳида эътибор қаратилди. Шу асосда Республика таълим маркази томонидан телеграмда @darslikka_taklif_bot боти ишга туширилди. Унга дарсликларни такомиллаштириш, нафақат мазмун балки, кўриниши, ўқувчиларнинг ёшига мослигига доир 3 тилда — ўзбек, рус ва инглиз тилларида таклиф юбориш имконияти мавжуд. Таътил даврида ўқитувчиларимиздан ушбу жараёнда фаол бўлиши сўралади.
Видеомулоқот давомида бошқарма бошлиғи ўринбосарлари Озод Жангиров, Элмурод Суяров, бўлим бошлиқлари Хуршид Ҳожиқулов ва Оловиддин Очиловлар таълим муассасалари ўқувчилари ўртасида жиноят ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, куз-қиш мавсумига пухта тайёргарлик, мактабларни аттестация ва аккредитациядан ўтказиш жараёнлари, Меҳрибонлик уйларида етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни оилага тарбиялашга бериш ишлари ҳақида тўхталиб ўтишди.
Якунда қайд этилган камчиликларни бартараф этиш, таклиф ва тавсияларнинг ижросини таъминлаш бўйича вазифалар белгилаб олинди.
Самарқанд вилояти халқ таълими бошқармаси ахборот хизмати.