Самарқандда 12975 нафар шахс кўчмас мулкни ижарага беришдан олган даромади бўйича декларация топширган
Кўчмас мулкни ижарага бериш орқали даромад топаётган юртдошларимиз талайгина. Кўчмас мулкни ижарага бериш тартиби, ижара қийматини белгилаш, олган даромади бўйича дастлабки декларация топшириш ва шу мавзуга дахлдор бошқа саволлар аксарият фуқароларни қизиқтириши табиий. Хўш, аслида кўчмас мулкни ижарага бериш жараёни қандай тартиб-тамойиллар асосида амалга оширилади?
Президентимизнинг 2018 йил 25 майдаги “Низоларнинг олдини олишга қаратилган институт сифатида нотариат тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига асосан 2019 йил 1 январдан бошлаб ижара шартномаларини давлат солиқ хизмати органларида мажбурий ҳисобга қўйиш тартибини ўрнатиш орқали кўчмас мулкни ижарага бериш ва текин фойдаланиш шартномаларини мажбурий нотариал тасдиқлаш бўйича талаб бекор қилинди.
Шунга асосан Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси томонидан “Кўчмас мулк ижара шартномаларини давлат солиқ хизмати органларида мажбурий ҳисобга қўйиш тартиби тўғрисида”ги низом қабул қилинди ва Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигида 2018 йил 11 октябрда 3077-сон билан рўйхатга олинди. Мазкур низомга кўра, кўчмас мулкини ижарага бермоқчи бўлган юридик ва жисмоний шахслар ўзига тегишли бўлган турар ёки нотурар мулкини ижарага беришда икки томонлама ижара шартнома тузиши ҳамда шартномани 10 кун ичида солиқ органларида ҳисобга қўйиши шарт.
Таъкидлаш жоизки, ижара шартномасини солиқ органларида ҳисобга қўйишни икки усулда — Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитасининг my.soliq.uz сайтидаги “Ижара шартномаларини ҳисобга олиш” хизмати орқали ёхуд жисмоний шахснинг доимий яшаш, юридик шахснинг рўйхатдан ўтган жойидаги давлат солиқ инспекциясига борган ҳолда, белгиланган шаклдаги сўровномани тақдим этиш орқали амалга ошириш мумкин. Дарвоқе, my.soliq.uz сайтидаги “Ижара шартномаларини ҳисобга олиш” хизматидан фойдаланиш учун электрон рақамли имзо керак бўлади.
Мулкни ижарага берувчи жисмоний шахслар учун ижара қийматининг энг кам миқдорлари хусусида маълумотга эгамисиз? Демак, турар жойлар 1 квадрат метрининг бир ойлик энг кам қиймати Тошкент шаҳри учун 10 минг сўм, Нукус шаҳри ва вилоятлар марказлари учун 6500 сўм ва бошқа аҳоли пунктларига 3000 сўм этиб белгиланган. Нотурар жойлар 1 квадрат метрининг бир ойлик энг кам қиймати мос равишда 20 000 сўм, 13 000 сўм ва 6000 сўм этиб белгиланган.
Масалан, Самарқанд шаҳрида 100 квадрат метр турар жой ижарасининг бир ойлик энг кам миқдори 650000 сўм (6500 х 100) этиб белгиланиши шарт.
Бугунги кунгача Самарқанд вилоятида 12975 нафар киши кўчмас мулкни ижарага беришдан олинган даромадлар бўйича дастлабки декларацияни топширган. Лекин бу борадаги мажбуриятига совуққонлик билан ёндашаётганларни ҳам шу ўринда қайд этиш жоиз. Ҳолбуки, 111 нафар фуқаро ҳамон дастлабки декларацияларни топширмаган.
Шу ўринда ўз кўчмас мулкини ижарага бериб, даромад олаётган юртдошларимиз солиқ бўйича мажбуриятларни унутмасликлари лозимлигини таъкидлаймиз.
Умид АЛИМОВ,
Самарқанд вилояти давлат солиқ бошқармаси ахборот хизмати ходими.