Самарқандда 164 та янги археология маданий мерос объекти аниқланди
ЮНЕСКОнинг Умумжаҳон мероси рўйхатига киритилган Самарқанд тарихий маркази 1123 гектар ва унинг муҳофаза зонаси 1369 гектарни ташкил этади.
Вилоятимизнинг маданияти, қадимий тарихи акс этган, буюк аждодларимиздан мерос археологик ёдгорликлар, муқаддас қадамжо ва обидаларнинг бугунги ҳолати қандай?
Вилоят маданий мерос бошқармаси бошлиғи вазифасини бажарувчи Зиёдулла Насимов иштирокида ўтказилган матбуот анжуманида бу ҳақда батафсил маълумот берилди.
- Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 4 октябрдаги “Моддий маданий мероснинг кўчмас мулк объектлари миллий рўйхатини тасдиқлаш тўғрисида”ги қарори билан вилоятда 1607 та моддий маданий мерос объектлари рўйхатга олинган, - дейди З.Насимов. - Уларнинг 973 таси археология, 564 таси архитектура объектлари, 36 таси монументал санъат асарлари ва 34 таси диққатга сазовор жойлардир. Мавжуд объектларнинг 1011 таси республика аҳамиятидаги, 596 таси маҳаллий аҳамиятдаги моддий маданий мерос объектлари бўлиб, улардан 221 таси шахсий мулкдаги тураржой бинолари ҳисобланади. Маданий мерос объектларининг 483 таси, яъни 30 фоизи Самарқанд шаҳрида жойлашган.
Маданий меросни давлат томонидан муҳофаза қилиш ва давлат назоратини ўрнатиш мақсадида 735 та объектда муҳофаза белгилари, 244 тасида йўл кўрсаткичлари ўрнатилди. Маданий мерос объектларининг 1467 тасида давлат кадастр ҳужжатлари шакллантирилиб, уларга 845 нафар жамоатчи инспектор бириктирилди. Моддий-маданий мерос объектларини аниқлаш, ҳисобга олиш, муҳофаза қилиш, тарғиб қилиш, давлат реестри, электрон каталоги, паспорти ва давлат кадастрини юритиш, қўриқланадиган теграларини белгилаш ҳамда соҳада доимий равишда давлат назоратини амалга ошириш мақсадида жойларга чиқилиб, ўрганишлар олиб борилди.
Жумладан, Маданий мерос агентлигига тақдим этилган 832 та объект қайта тарихий-маданий экспертизадан ўтказилди ва 818 та объектнинг паспорти шакллантирилди. Туризм объекти сифатида хизмат қилиши мумкин бўлган 107 та моддий-маданий мерос объекти рўйхатга олинди. 130 та йўқолиб кетиш хавфи бўлган археологик маданий мерос объектининг рўйхати шакллантирилди ва 164 та янги археологик маданий мерос объекти аниқланиб, уларни миллий рўйхатга киритиш юзасидан Маданий мерос агентлигига тақдим этилди. Шунингдек, 22 та маданий мерос объектини реставрация қилиш ва таъмирлаш учун 15 миллиард 810 миллион сўм маблағ ажратилиб, 9 та объектда реставрация ва ободонлаштириш ишлари олиб борилди.
Матбуот анжуманида жорий йил охиригача вилоятдаги 1607 та моддий мерос объектларини қайта хатловдан ўтказиш, 18 та объектда қурилиш-таъмирлаш ишларини якунлаш, саккизта тарихий объектни сайёҳлар ташрифига тайёрлаш ҳамда 756 та объектда муҳофаза белгилари ўрнатиш режалаштирилгани маълум қилинди.
Ф.Рўзибоев.