Самарқандда 404 нафар тиббиёт ходимига 664 миллион сўм тўлаб берилди
Молия вазирлиги коронавирусга қарши кураш тадбирлари учун республика бўйича жалб қилинган ходимларга махсус рағбатлантириш ва ҳар кунлик қўшимча тўловларнинг тўланиши тўғрисида маълумотнома тақдим этди.
Қарийб 16 минг тиббиёт ходимига 55 миллиард сўм тўлаб берилган.
Шундан, Самарқанд вилоятида 404 нафар тиббиёт ходимига 664 миллион сўм тўланган.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Коронавирус инфекцияси тарқалишига қарши курашишга жалб қилинган тиббиёт ва санитария-эпидемиология хизмати ходимларини қўллаб-қувватлашга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига асосан коронавирус инфекциясидан зарарланган беморлар билан мулоқотга киришадиган, зарарланган беморлар жойлаштирилган объектларда ҳамда коронавирус инфекциясини аниқлаш лабораторияларида фаолият олиб бораётган тиббиёт, санитария-эпидемиология хизмати ва бошқа ходимларга ҳар 14 кунлик фаолият даври учун қуйидаги миқдорларда (солиқлардан ташқари) махсус қўшимча рағбатлантириш тўлови (кейинги ўринларда — махсус тўлов) белгиланган:
- врач ходимларга, врач-лаборантларга — 25 миллион сўм;
- ўрта тиббиёт ходимларига, ҳамшира-лаборантларга — 15 миллион сўм;
- кичик тиббиёт ходимларига — 10 миллион сўм;
- бошқа ходимларга — 5 миллион сўм.