Самарқандда 7 минг доллар эвазига олий ўқув юртига ўқишга киритиб қўйишни ваъда қилган хусусий ўқув маркази раҳбари ушланди

26 июнь куни вилоят ИИБга Р.Ш. ва М.М.лар ариза билан мурожаат қилиб, унда Оқдарё туманида яшовчи «Хасан» ва «Акмал» исмли шахслар Р.Ш.ни Тошкент тиббиёт академиясига ўқишга киритишини айтиб, эвазига 7 000 АҚШ доллари беришни талаб қилганлигини маълум қилган. У ўз аризасида уларга нисбатан қонуний чора кўришни сўраган.

Мазкур аризага асосан, шу куни Ички ишлар вазирлиги Коррупция ва иқтисодий жиноятларга қарши курашиш бошқармаси ҳамда Самарқанд вилояти ИИБ Коррупция ва иқтисодий жиноятларга қарши курашиш бўлими ходимлари ҳамкорлигида тезкор тадбир ўтказилди. Тадбирда Самарқанд шаҳридаги хусусий ўқув маркази раҳбари Б.А. хизмат хонасида ариза муаллифи Р.Ш. ва М.М.лардан 7 000 АҚШ доллари миқдоридаги пулларни олган вақт ашёвий далиллар билан ушланди. Кўрилган чоралар натижасида унинг жиноий шериги Э.Х. қўлга олинди.

ИИВ Жиноят қидирув бош бошқармаси Коррупция ва иқтисодий жиноятларга қарши курашиш бошқармаси хабар беришича, мазкур ҳолат юзасидан 26 июнь куни Оқдарё тумани ИИБ ҳузуридаги тергов бўлинмаси томонидан Жиноят кодексининг 168-моддаси 3-қисми «а» банди билан жиноят иши қўзғатилиб, дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.