Самарқандда 71 ҳолатда озиқ-овқат маҳсулотларини маркировкалаш қоидалари бузилган
“Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонуннинг 11-моддасига кўра сотувчиларга ишлаб чиқарилган санаси ва яроқлилик муддати кўрсатилмаган ёки яроқлилик муддати ўтган товарларни қабул қилиш ҳамда реализация қилиш ман этилиши белгиланган. Шунингдек, озиқ-овқат маҳсулотининг тайёрланган санаси, яроқлилик муддати тўғрисидаги маълумотлар – маҳсулот тамғасида кўрсатилиши шарт.
Аммо бугунги кунда таҳлиллар шуни кўрсатмоқдаки, ушбу соҳани тартибга солувчи қонун ҳужжатлари талабларига ҳар доим ҳам амал қилинмаяпти. Хусусан, озиқ-овқат маҳсулотлари маркировкаси ва хавфсизлигига қўйилган талабларга, маркировкалаш қоидаларига тўлиқ риоя қилинмаслик ҳолатлари учрамоқда. Ижтимоий тармоқларда жойлаштирилаётган хабарларда (постларда) истеъмолчилар яроқлилик муддати ўтган, ишлаб чиқарилган санаси ва яроқлилик муддати кўрсатилмаган, шунингдек, қалбакилаштирилган озиқ-овқат маҳсулотлари юзасидан ўз эътирозларини билдириб келади. Айниқса, бундай эътирозлар ёз мавсумида кўпайиши салбий ҳолатдир.
Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлиги Самарқанд вилоят ҳудудий тузилмасига яроқлилик муддати ўтган ёки ишлаб чиқариш санаси кўрсатилмаган товарлар, озиқ-овқат маҳсулотлари, дори воситалари ва бошқаларни реализация қилиш билан боғлиқ 2020 йил ва жорий йилнинг ўтган даври давомида 20 га яқин мурожаат келиб тушган.
Шунга кўра, озиқ-овқат маҳсулотлари маркировкаси ва хавфсизлигига қўйилган талабларга риоя этилишини ўрганиш ҳамда ички бозорларда товарлар маркировкасига қўйилган талаблар, хусусан, ишлаб чиқарилган санаси ва яроқлилик муддати кўрсатилмаган озиқ-овқат маҳсулотлари сотилиши ҳолатларини аниқлаш мақсадида, ҳудудий тузилма томонидан вилоят ҳудудидаги чакана савдо объектларида кузатувлар ўтказилди.
Жумладан, 14 иш куни давомида 42 та савдо объектида кузатув йўли билан олинган маълумотларга кўра, уларда 71 ҳолатда озиқ-овқат маҳсулотларини маркировкалаш қоидалари бузилганлиги қайд этилди.
Таҳлиллар давомида маркировкалаш қоидалари 26 та (36 фоиз) ҳолатда қандолатчилик маҳсулотларида, 4 (5 фоиз) ҳолатда сут маҳсулотларида, 8 (11 фоиз) ҳолатда колбаса маҳсулотларида, 13 (18 фоиз) ҳолатда ун ва макарон маҳсулотларида ва 2 (3 фоиз) ҳолатда қадоқланган ўсимлик ёғи, 3 (4 фоиз) ҳолатда қадоқланган ичимлик суви маҳсулотларида бузилганлиги маълум бўлди.
Ўрганишлар давомида қайд этилган ҳолатлар бўйича 60 та ишлаб чиқарувчи корхонага амалдаги қонун ҳужжатлари талабларини тушунтирган ҳолда ёзма огоҳлантириш хатлари берилди ва келгуси фаолиятда маркировкалаш қоидалари бузилиши олди олинди.
Юқоридаги ҳолатлар ишлаб чиқарувчилар, сотувчилар ва ижрочилар томонидан истеъмолчилар соғлиги ва хавфсизлиги учун жавобгарликни тўлақонли ҳис қилинмаётганлигидан далолат беради. Ишлаб чиқариш ва сотиш ҳажмларини тўғри режалаштириш, ҳалол рақобат асосида иш юритиш ўрнига, маҳсулотлар яроқлилик муддатларини қалбакилаштириш ёки уларни қўймаслик каби ноқонуний йўллардан фойдаланилмоқда.
Шу боис, истеъмолчилардан маҳсулотларни харид қилишда эътиборли бўлишини, ишлаб чиқарувчи ва чакана савдо корхоналарини озиқ-овқат маҳсулотларини тамғалаш (маркировкалаш) қоидаларига қатъий риоя этган ҳолда ишлаб чиқариш ҳамда реализация қилинишини таъминлашни сўраб қоламиз.
Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлиги Самарқанд вилоят ҳудудий тузилмаси.