Самарқандда 720 мингдан зиёд тўлов хабарномаси чоп этилиб, солиқ тўловчиларига етказилиши керак
Янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодексига мувофиқ, мол-мулк ва ер солиқларини ҳисоблаб чиқариш ҳамда тўлаш тартиби ўзгарганини қайд этиш лозим. Илгариги тартибга асосан, мол-мулк ва ер солиқларини тўлаш тўғрисидаги тўлов хабарномаси фуқароларга 1 майдан кечиктирмасдан топширилиши керак эди. Эндиликда бу муддат 1 март этиб белгиланди.
Хўш, Самарқанд вилоятида тўлов хабарномаларини тарқатиш билан боғлиқ вазият қандай?
Вилоят бўйича жами 720958 та тўлов хабарномаси чоп этилиши лозим. Шу пайтга қадар 707176 та тўлов хабарномаси чоп этилиб, солиқ тўловчиларга етказилганини таъкидлаш жоиз. Тўлов хабарномаларининг қолган қисми ҳам белгиланган муддатда солиқ тўловчиларга етказиб берилиши кўзда тутилган.
Шу ўринда, солиқ тўлаш тартиби ҳам ўзгарганини айтиш лозим. Аввалги тартибга кўра, жисмоний шахслар мол-мулк ва ер солиқларини 15 октябрга қадар тўлаши белгиланган эди. Эндиликда эса солиқни тўлаш тенг улушларда 15 апрелга ва 15 октябрга қадар амалга оширилади.
Дилшод ЗАЙНИЕВ,
Самарқанд вилояти давлат солиқ бошқармаси бўлим бошлиғи.