Самарқандда 8 минг доллар эвазига ўқишга киритиб қўйишни ваъда қилганлар фош этилди

Бу сафар икки киши қўлга олинган ва фирибгарлик билан боғлиқ жиноят иши қўзғатилган.

Самарқанд давлат архитектура-қурилиш институти факультет декани ўринбосари Б.К. фуқаро Р.Г.дан унинг жияни О.Н. ва синглиси А.Д.ни Росссия Федерациясининг ДОН давлат техника университетининг “Масофавий таълим” йўналиши бўйича ўқишига мазкур институтнинг “Қўшма таълим дастури” бўлими бошлиғи орқали киритиб қўйишга келишган.

Албатта, хизмат бепул эмас - 8000 АҚШ доллари эвазига.

Яъни, СамДАҚИ ўқитувчиси эгаллаб турган хизмат мавқеидан фойдаланиб, фирибгарлик ва пора беришга далолатчилик қилиш йўли билан ноқонуний бойлик орттиришни мақсад қилган.

Жори йилнинг 26 август куни соат 12:30 ларда Бош прокуратура ҳузуридаги иқтисодий жиноятларга қарши курашиш Департаментининг Самарқанд тумани бўлими, вилоят ИИБ ЖҚБ Коррупция ва иқтисодий жиноятларга қарши курашиш бўлими ҳамда ДХХ вилоят бошқармаси ходимлари ҳамкорлигида Самарқанд шаҳар А.Темур кўчасида жойлашган “Атлас” савдо мажмуаси олдида тезкор тадбирда ўтказилган.

Тадбир давомида Б.К. фуқаро Р.Г.дан олдиндан 4000 АҚШ долларини олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.

Тезкор тадбир давомида Б.К. фуқаро Р.Г.дан олган пулларни Самарқанд давлат архитектура-қурилиш институти “Қўшма таълим дастури” бўлими бошлиғи О.О.га олиб бориб бериши лозимлиги юзасидан кўрсатма берган.

Мазкур кўрсатма асосида тезкор тадбир давом эттирилиб, гумондор Б.К. 4000 АҚШ долларини О.О.нинг хизмат хонасига олиб бориб берган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.

Фуқаро Б.К.га нисбатан Жиноят кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик) 3-қисми “в” банди, 28, 211-моддаси 1-қисми ва фуқаро О.О.га нисбатан 168-моддаси (фирибгарлик) 3-қисми “в” банди аломатлари билан жиноят иши қўзғатилган.

Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти вилоят бошқармаси.