Самарқандда “Абадий шаҳар” карвонсаройи қурилмоқда
Самарқанд туманидаги эшкак эшиш канали атрофида замонавий шаҳарсозлик анъаналари асосида Самарқанд туризм маркази бунёд этилмоқда. Айни пайтда бу маскан улкан қурилиш майдонига айланган.
212 гектар майдонни эгаллаган мажмуада беш ва тўрт юлдузли 8 та меҳмонхона, йирик анжуманларни ўтказишга мўлжалланган конгресс холл, дам олиш масканлари, “Абадий шаҳар” карвонсаройи бунёд этилмоқда. Жумладан, “Абадий шаҳар” карвонсаройи халқимизнинг ўзига хос бой миллий-маданий мероси ва қадриятларини намоён этадиган маскан бўлиши кутиляпти.
Қадимий Кўҳак тепалигидан кўриниб турадиган янги шаҳарча келгусида мўъжизалар шаҳарчаси, ўтмиш ва бугуннинг тимсоли бўлади, десам муболаға бўлмайди.
Мазкур шаҳарча лойиҳаси Eriell компанияси бошқаруви раиси, таниқли меъмор Бахтиёр Фозилов раҳбарлигида Бобур Исмоилов бошчилигидаги гуруҳ томонидан тайёрланди. Бунда Самарқанднинг Буюк Ипак йўли чорраҳаси бўлгани, азалдан илм-фан ва маданият, савдо-сотиқ ва ҳунармандчилик ривожланганига эътибор қаратилди. Ўз навбатида Самарқанднинг дунё цивилизациясидаги ўрни ҳисобга олиниб, бетакрор лойиҳа ишлаб чиқилди.
“Абадий шаҳар”да Самарқанддаги тарихий обидалар, улкан минораю гумбазлар, кулоллар, зардўзлар, чиннипазлар, мусаввирлар устахоналари, Самарқанд қоғози ишлаб чиқарадиган қадимий устахона, Самарқанд нони ва бошқа миллий таомлари тайёрланадиган масканлар, қадимий гавжум бозор – барчаси намоён бўлмоқда. Шунингдек, карвонсаройдан Хоразмнинг дунёда тенги йўқ гиламлари, Нуротаю Ургутнинг сўзаначилик санъати – қадимий кашталари, Қўқону Марғилоннинг ёғоч ўймакорлиги санъати намуналари ўрин олади.
Бу лойиҳани амалга оширишга самарқандлик 300 га яқин уста-меъморлар жалб қилинди. Уларнинг кўпчилиги – ганчкор, ёғоч ўймакори, кулол, тоштарош усталар тарқалиб, кўпчилиги ишсиз қийналиб юрганди. Мана шу лойиҳа уларнинг бошини яна бирлаштирди. Ўзбекистон Қаҳрамони Мирумар Асадов, Ўзбекистон халқ усталари Саидали Мирзаев, Насрулло Соҳибназаров, Миржалол Асадовнинг фарзандлари, авлодлари ва шогирдлари, бошқа устазодалар шу ерда меҳнат қилмоқда.
Лойиҳада кўрсатилганидан-да бой манзара намоён бўлмоқда. Бу ерда қадим Шарқ наққошлик санъати ўн битта йўналишда, жумладан, ганчкорлик, ёғоч ўймакорлиги, мармар наққошлиги, тоштарошлик санъатининг ноёб намуналари яратилмоқда. Кейинги йилларда йўқолиб кетаётган майолика, мазолика тикланиб, янгича кошинкорлик санъати яратилмоқда. Таъбир жоиз бўлса, қадимий майолика санъати қайта жило топмоқда. Таниқли ганчкор Мирумар Асадовдан кейин мармар-кошинкорлиги, муқарнас санъати деярли йўқолганди. Бу ерда ушбу анъана асосида мармардан муқарнас яратилаётир. Тоҳир Багиров бошчилигида мармар ўймакорлиги санъати давом эттирилмоқда.
Моҳир уста Абдували Набиев шогирдлари билан ана шу ишни – мармар ўймакорлигини қайтадан тиклаб, бетакрор услубда кошинкорлик материаллари тайёрлаб бермоқда. Ғиждувонлик машҳур кулоллар сулоласи вакили, Ўзбекистон халқ устаси Алишер Нарзуллаев ака-укалари, шогирдлари билан шу ерда меҳнат қилмоқда. Бу ерда уларнинг ҳам ўз устахоналари бўлади.
Кошинкорлар – Абдували Набиев ва Шамсиддин Амриддинов шогирдлари билан лойиҳада кўрсатилган камалак ранглардаги кошинкорлик материалларини тайёрлаб беришмоқда.
Қадим шаҳар ҳаёти ва маданиятига монанд от-аравалар, усталар хонадонлари, кулоллар, зардўзлар ишхоналари, темирчилик ва устачилик асбоблари, устазодалар ҳайкаллари яратилмоқда.
Вилоят ҳокими Эркинжон Турдимов “Абадий шаҳар” карвонсаройида бажарилаётган ишларни кўриб, усталар ишидан мамнун бўлди. Уларнинг самарали ишлаши учун янада қулай шароит, имконият яратиб бермоқда.
Марказ бош директори Ўктам Латипов ҳам катта ҳажмдаги қурилиш-бунёдкорлик ишларига раҳбарлиги баробарида ҳар бир қурувчи-муҳандис, ишчи, ҳайдовчи-ю боғбонларгача меҳнат шароити яратилганига эътибор қаратмоқда. Цемент, ғишт, қурилиш ашёлари махсус лаборатория кўригидан ўтгач ишлатилади. Сифат ва самарадорлик биринчи ўриндаги масала.
Дарвоқе, Самарқанд туризм марказида табиий шифобахш сув отилиб чиқди. Бу ерга келадиган сайёҳлар, меҳмонлар табиий сувдан баҳраманд бўладилар.