Самарқандда “ақлли” газ ҳисоблагич ўрнатиш ишларига 23 та бригада жалб этилган

“Ҳудудгаз Самарқанд” МЧЖ туман ва шаҳар филиаллари томонидан ташкил этилган 23 та бригадалар вилоятимиздаги аҳоли хонадонларига замонавий “ақлли” ҳисоблагичлар ўрнатиб келишмоқда. Айни пайтда тажрибали мутахассислардан иборат бригадалар Самарқанд шаҳридаги Турон, Боғисарой, Сайқал маҳалларида, шунингдек, Каттақўрғон шаҳридаги Яккабоғ маҳалласида газ ҳисоблагичларни алмаштиришмоқда.

- “Ақлли” деб номланаётган мазкур ҳисоблагичлар истеъмолчиларга “Ҳудудгазтаъминот” акциядорлик жамияти ҳисобидан бепул ўрнатиб бериляпти, - дейди “Ҳудудгаз Самарқанд” МЧЖ табиий газни ҳисобга олишни назорат қилишнинг автоматлаштирилган тизимини жорий этиш хизмати бошлиғи Сиддиқ Худайбердиев. – Бунда истеъмолчиларга бир қатор қулайликлар яратилади. Улар ортиқча югур-югурлардан холи бўладилар. Ҳисоблагичларга хизмат кўрсатиш ва бу билан боғлиқ харажатлар (ўрнатиш, ечиш, текшириш ва таъмирлаш)дан холи бўлади. Улар фақат ҳисоблагични соз ҳолда сақлаш учун масъул ҳисобланади.

Ускунанинг ҳар 10 йилда бир маротаба даврий қиёсловдан ўтказилади. Таъмирлаш ва ўлчаш мосламаларини давлат қиёслов текширувларидан ўтказиш ишлари ҳам газ таъминоти ташкилотининг маблағлари ҳисобидан қопланади. Ҳозиргача вилоятимизга 6923 та “ақлли” ҳисоблагичлар келтирилган бўлиб, босқичма-босқич аҳоли хонадонларига ўрнатилмоқда. Иш самарадорлигини ошириш борасида корхона шартнома асосида қўшимча газпайвандчи усталарни ҳам жалб қилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, вилоятимизда 2021 йил якунига қадар барча тоифадаги истеъмолчилар учун табиий газни бошқариш ва ҳисобга олишнинг автоматлаштирилган тизими жорий этилади.

“Ҳудудгаз Самарқанд” МЧЖ ахборот хизмати.