Самарқандда айрим мактаблар карантинга ёпилган. Ўқувчилар масофавий таълим оляптими?
Вилоят халқ таълими бошқармаси маълумотига кўра, 2021 йил 19 май ҳолати бўйича вилоятдаги 1255 та мактабнинг 165 таси эпидемиологик вазиятдан келиб чиқиб, 14 кунлик карантинга ёпилган.
Масофавий таълим жараёнининг ташкил этилиши ҳолати жорий йилнинг 19-20 май кунлари Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси вилоят ҳудудий бўлими томонидан туман халқ таълим бўлимлари билан ҳамкорликда Пахтачи туманидаги 27-, Нарпай туманидаги 11-, Каттақўрғон туманидаги 50- ва 59-, Паст Дарғом туманидаги 45-, Пайариқ туманидаги 6-, Жомбой туманидаги 4-, Самарқанд туманидаги 29- умумий ўрта таълим мактаблари ўрганилди.
Фаолияти ўрганилган барча умумтаълим мактабларида масофавий таълим жараёни қониқарсиз аҳволда ташкил этилган.
Масофавий таълим олаётган ўқувчиларнинг рўйхати маҳаллалар кесимида шакллантирилмаган. Ўқувчиларнинг масофавий таълим олиш учун мавжуд шарт-шароитлари ўрганилмаган. Аксарият фан ўқитувчилари томонидан “Онлайн мактаб” лойиҳаси доирасида ўқувчилар бажарган уй вазифалари ўз вақтида текширилиб, баҳолаб борилмаган. Ўқувчиларнинг уй вазифаларини баҳолаб бориш бўйича дарс берадиган синфлар учун вақтинчалик синф журнали (дафтари) юритилмаган.
Жумладан, Нарпай санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги бўлимининг 2021 йил 10 майдаги 5-сонли қарори билан тумандаги 11-мактаб 14 кун муддатга тўхтатилган. Дарслар “Онлайн мактаб” платформаси орқали масофавий шаклда давом эттирилиши белгиланган. Аммо бу тўғрида мактаб директорининг буйруғи чиқарилмаган.
Нарпай туманидаги Кўкота маҳалласида яшовчи Баҳодир Аҳмедовнинг 2 нафар фарзанди мазкур мактабнинг 9- ва 6-синфида таҳсил олади. Б.Аҳмедовнинг айтишича, фарзандларини масофавий шаклда таҳсил олиши учун уйда имконият йўқ, интернет мавжуд эмас, мактаб маъмурияти, синф раҳбарлари телефон орқали ёки уйга келиб бирон марта болаларини ўқиши билан қизиқмаган.
Мактаб билан мазкур фуқаро яшайдиган ҳовли ўртасидаги масофа 150 метрни ташкил этади.
Шунингдек, мазкур маҳаллада яшовчи Сайёра Одилованинг 7-синфда ўқийдиган фарзанди Шербек Одилов билан суҳбатлашилганда, “Онлайн мактаб” машғулотларидан ҳеч нарса тушунмаётгани, видеодарсларда катта ҳажмдаги маълумотлар кам вақтда берилиши, ўзлаштириш қийинлиги, 10 кунлик карантин даврида бирон бир фандан мавзуларни тушунмагани, тушунмаган мавзулари бўйича кимдан жавоб олишни билмаслигини маълум қилган. Онаси Сайёра Одилова фарзандларини яхши мукаммал билим олиши учун мактаб тезроқ анъанавий шаклга ўтишини хоҳлайди.
Пахтачи тумани Тадбиркор маҳалласида истиқомат қилувчи тумандаги 27-умумий ўрта таълим мактабининг 6-синф ўқувчиси Жавоҳир Илҳомов оиласида телефон бор бўлса-да, телеграм мессенжерида ташкил этилган гуруҳга қўшилмаган. 27 кунлик карантин даврида ўқувчини дарс қилиш жараёни бирон марта назоратга олинмаган. 4-синф ўқувчиси Зарина Илҳомова ва Нодирбек Рустамов, 7-синф ўқувчиси Фазлиддин Турдибоев билан ўтказилган суҳбат жараёнида ҳам ўқувчилар назоратсиз қолдирилгани аниқланди.
Масофавий таълимнинг талаб даражасида ташкил этилмаслиги, назоратсизлик, қаровсизлик туфайли карантин муддати тугагандан кейин анъанавий дарс жараёнларига ҳам салбий таъсир кўрсатмоқда. Жомбой туманидаги 4-мактабда карантиндан кейинги биринчи анъанавий дарс куни (20 май куни соат 11:45 да) 6-, 9- ва 10-синфларда ўқувчилар мактабга келмаганлиги сабабли дарслар ўтказилмаган.
Ўқувчиларнинг онлайн дарсларда иштироки, ўзлаштириши бўйича индивидуал назорат ўрнатиш даражаси паст. Ўқитувчи томонидан қўшимча топшириқлар берилмаган, телевизион дарсда ўтилган мавзулар юзасидан қўшимча тушунтириш ишлари олиб борилмаган, баҳолаб бориш талаб даражасида эмас.
Шунингдек, масофавий таълимда давомат ва ўзлаштириш бўйича туман, вилоят миқёсида мониторинг юритилмаётгани қуйи раҳбарларнинг ишни янада бўшаштириб юборишига сабаб бўлган.
Д.Бобожонов,
Таълим сифатини назорат қилиш инспекцияси вилоят ҳудудий бўлими бош мутахассиси.