Самарқандда бадминтонни ривожлантиришнинг имкониятлари борми?
Самарқанд шаҳрида “Спортни сев, спорт билан яша!” шиори остида бадминтон бўйича 14 ёшдан 30 ёшгача бўлган йигит ва қизлар ўртасида вилоят мусобақасининг финал учрашуви ўтказилди.
Спорт тадбирининг очилиш маросимида вилоят ҳокимининг ўринбосари, вилоят бадминтон федерацияси раиси Б.Нуруллаев иштирок этиб, бадминтон спорт турини янада оммалаштириш кераклиги, бунинг учун туманларда ҳам етарли шароитлар яратилишини таъкидлади.
Вилоят жисмоний тарбия ва спорт бошқармаси, бадминтон федерацияси, “Ёшлик” жисмоний тарбия ва спорт жамияти вилоят бўлими ҳамкорлигида ўтказилган мусобақада барча шаҳар туманларда ғолибликни қўлга киритган жамоалар ўзаро баҳс олиб борди.
Якунда Самарқанд шаҳар жамоаси биринчи ўринга сазовор бўлди. Иккинчи ва учинчи ўринлар Каттақўрғон ҳамда Пайариқ туманларидан келган ёшларга насиб этди.
***
Самбо
Бухоро вилоятида самбо бўйича ўсмир йигит ва қизлар ўртасида Ўзбекистон чемпионати бўлиб ўтди.
Баҳсларда вилоятимиз спортчилари ҳам иштирок этиб ўз вазн тоифасида 5 та олтин, 1 кумуш, 5 та бронза медалларини қўлга киритди.
***
“Усманов комбат систем”
Самарқанд шаҳридаги спорт якка курашлари бўйича ихтисослаштирилган болалар-ўсмирлар спорт мактабида спортнинг “Усманов комбат систем” тури бўйича вилоят очиқ чемпионати бўлиб ўтди.
Мусобақада вилоятимиз спортчилари қатори Навоий ва Сурхондарёдан ҳам 100 нафардан ортиқ иштирокчи қатнашди. Якунда умумжамоа ҳисобида Самарқанд тумани спортчилари биринчи ўринга сазовор бўлди. Иккинчи ўрин Самарқанд шаҳрига, учинчи ўрин Паст Дарғом тумани спортчиларига насиб этди.
***
Веломарафон
Оқдарё тумани марказида веломарафон бўйича мусобақа бўлиб ўтди. Унда 12 ёшдан 30 ёшгача бўлган 400 нафарга яқин ёшлар Лойиш шаҳарчаси бўйлаб ҳаракатланди.
Ёшларнинг бўш вақтларини мазмунли ўтказиш ва оммавий спортни ривожлантиришга қаратилган мусобақа “Ватанпарвар” ташкилоти Оқдарё туман ўқув спорт-техника клуби ҳамда туман секторлари ҳамкорлигида ўтказилди.
Оммавий спорт тадбирининг ғолиб ва совриндорлари туман ҳокимлиги томонидан тақдирланди.
Ҳусан Элтоев.
***
Гандбол
Самарқанд шаҳрида гандбол бўйича эркаклар ва аёллар ўртасида Ўзбекистон чемпионатининг 2 давра ўйинлари ўтказилди.
Республиканинг турли вилоятларидан келган жамоалар кейинги тур ўйинлари учун баҳс олиб борди. Ўйин якунига кўра, йигитлар ва қизлар баҳсида ҳам Тошкент вилоятининг “ОКМК” жамаоси энг яхши натижа кўрсатди.
***
Қувноқ стартлар
Самарқанд шаҳридаги 1-сон болалар-ўсмирлар спорт мактабида “Қувноқ стартлар” телевизион спорт мусобақасининг вилоят босқичи финал ўйинлари бўлиб ўтди.
Умумтаълим мактабларининг 4-8-синф ўқувчилари ўртасидаги ўтказилган беллашув натижасига кўра Ургут туманидаги 3-умумий ўрта таълим мактаби жамоаси ғолиб бўлиб, мусобақанинг республика босқичида иштирок этувчи йўлланмани қўлга киритди.
Иккинчи ўринни Оқдарё туманидаги 26-мактаб жамоаси эгаллаган бўлса, учинчи ўрин Нуробод туманидаги 2-мактаб ва Нарпай туманидаги 38-мактаб жамоаларига насиб этди.
***
Баскетбол
Cамарқанд вилоятида май ойи баскетбол ойлиги доирасида мусобақаларга старт берилди.
Мамлакатимизда оммавий спортни ривожлантиришга қаратилган “Спортни сев, спорт билан яша!” шиори остидаги фестиваль доирасида Самарқанд ҳамда Каттақўрғон шаҳрида, Оқдарё туманида баскетбол бўйича спорт мусобақаси бўлиб ўтди. Айни пайтда бошқа туманларда мусобақа давом этмоқда.
Бекзод Аҳмедов.